Сув тақчиллиги йилдан-йилга глобал муаммога айланиб бораётган бир вақтда сув исрофгарчилигининг олдини олишда ички сув ўтказиш каналларининг ўрни ниҳоятда катта.
Шу боисдан сўнги йилларда ирригация тизимларини янада ривожлантириш ва суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш давлат дастурлари доирасида Сирдарё вилоятидаги 55 км ирригация тизими каналлари, 73 км ички суғориш тармоқлари 2073 км дан ортиқ коллектор-дренаж тармоқлари ҳамда бошқа сув хўжалиги объектлари реконструкция қилиниб, таъмирлаш-тиклаш ишлари олиб борилди.
Натижада вилоятда 26 минг гектардан ортиқ суғориладиган ерларнинг сув таъминоти яхшиланди, кучли ва ўртача шўрланган майдонлар 17 минг гектарга камайди, сизот сувлар сатҳи ер юзасига яқин жойлашган майдонлар 9.5 минг гектарга қисқарди, 25 минг гектардан ортиқ майдоннинг мелиоратив ҳолатини барқарор сақлашга эришилди.
Энг асосийси, сув етиб бориши қийин бўлган, кам унумдор майдонларга сув тежовчи суғориш технологиялари жорий этилаётган бўлса, сув хўжалиги объектларини бошқариш, сувни ҳисобга олиш ва мониторингини юритиш мақсадида рақамли технологиялар жорий этилди.
Бу ишлар кутилгандек натижа бериб, қолаверса, энергия тежамкор технологиялардан фойдаланган ҳолда ишни ташкил этиш, сув хўжалиги объектларини қуриш ва реконструкция қилишда зарур асбоб-ускуна, хомашё, бутловчи буюмлар ҳамда қурилиш материаллари маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан харид қилингани боис қуриш ва реконструкция учун ажратилган маблағларни иқтисод қилиш имконини бермоқда.
Оқолтин туманидаги “Сардоба универсал” кластерига қарашли Сиддиқов хўжалигидаги 1,5 км, Сардоба туманида 5 км, Боёвут туманида 1 км, Сирдарё туманида 1.2 км, Сайхунобод туманида 1.4 км ички суғориш тармоқлари ҳам маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ишлаб чиқарган маҳсулотлардан фойдаланган ҳолда таъмирланди.
–Таъмирланган ва қайта қурилган ирригация тизимлари каналлари ҳисобига ортиқча сув сарфининг олди олинди. Қолаверса, “П-14” каналининг 5 пикэтида аквэдук иншооти, “Ўнг тармоқ” каналининг 100 пикэтида сув тўсувчи иншоот ва 170 пикэтидаги кўприк остида лойқадан тозалаш ишлари амалга оширилди, —дейди Қуйи Сирдарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғи ўринбосари О.Аҳмадқулов.–Бу эса фермерлар ва кластерлар дала майдонларига оқар сувни ҳеч қанақа ортиқча исроф қилмай етказиб бериш, экилган экин туридан юқори ҳосил олиш имконини беради.
Муҳими, бу борадаги ишлар Сирдарёда изчиллик билан олиб борилмоқда.
Шуҳрат Суяров,
ЎзА мухбири