Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Суғориладиган ерларда жойлашган иншоотларга эгалик ҳуқуқи бериладими?
14:39 / 2024-04-08

Парламент қуйи палатасидаги ЎзХДП фракциясининг мажлисида иккинчи ўқишда муҳокама қилинган «Ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси депутатларнинг муҳокамаларига сабаб бўлди.

Гап шундаки, ҳозирги кунда ҳуқуқий ҳужжатлари йўқ ёки тўлиқ бўлмаган, ер участкасидан узоқ йиллар давомида фойдаланиб келаётган ёки ерга бўлган ҳуқуқларни расмийлаштириш масаласи турли сабабларга кўра охирига етказилмаган 3,8 млн.дан ортиқ 493 минг гектар ер участкалари мавжуд. Амалдаги қонунчиликда эса ушбу муаммоли ер участкаларига нисбатан ҳуқуқларни эътироф этишнинг ҳуқуқий асоси ва тартиби мавжуд эмас. 

Қайд этилганидек, ҳозиргача ҳуқуқларни эътироф этиш масаласида жами 5 марта «акция» эълон қилинган. Уларда ҳаммаси бўлиб 1 миллион 338 мингта ўзбошимча қурилган уй ҳужжатлаштирилган.

Шундан келиб чиқиб, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини йиллар давомида қийнаб келаётган муаммоларини ҳал этиш, кўчмас мулк объектларини тўлиқ давлат рўйхатига олинишини таъминлаш ҳамда ер участкаларининг ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниши устидан давлат ва жамоатчилик назоратини кучайтириш мақсадида таклиф этилган лойиҳа юзасидан фракция аъзолари ўз фикр-мулоҳазалари ва саволларини берди.

– 8-моддада боғдорчилик, узумчилик ширкатлари бўйича бериладиган ерлар ҳақида айтилган, - деди фракция аъзоси Мавжуда Ҳасанова. – Шу ўринда бир савол туғилади. Ҳозирги кунда айрим фермерлар, фуқаролар томонидан ғаллачилик, пахтачиликка мўлжалланган суғориладиган ерлар ҳам ўзбошимчалик билан эгалланган ҳолатлар бор. Мазкур лойиҳа қабул қилингач, мана шундай хонадон эгаларининг тақдири нима бўлади?

Қонун ташаббускорлари бу масала 12-моддада ҳам киритиб кетилгани, яъни бино ва иншоот, шу жумладан якка тартибдаги уй-жой қурган ҳолда ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкаси суғориладиган ерларда жойлашган тақдирда, ҳуқуқларни эътироф этиш масаласи қонунчилик ҳужжатларига асосан ер фонди тоифаси ўзгартирилганидан кейин кўриб чиқилишини таъкидлашди.

Қизғин муҳокама ва таклифлардан сўнг қонун лойиҳаси қабул қилинди. 

Муҳтарама Комилова, ЎзА