Қорақалпоғистон Республикасида жиноятларни жиловлаш, жиноятчилик профилактикасини янада такомиллаштириш, одил судловни таъминлаш ва коррупциядан ҳоли ҳудудга айлантириш бўйича Йўл харитаси тасдиқланган.
Йўл хаританинг 68-бандида илк бор судьялик лавозимига тайинланган судьялар ва суд ходимлари, уларнинг оила аъзолари, яқин қариндошлари иштирокида коррупция иллатларига қарши курашиш ва бундай ҳолатларга муросасиз муносабатда бўлиш, ножўя ва номуносиб хатти-ҳаракатлардан ўзини тийиш, белгиланган тартиб ва низом қоидаларига риоя қилиш, судьянинг фаолиятига аралашмаслик, унга қонунга хилоф ишларни таклиф этмаслик ва фаолиятига салбий таъсир этиши мумкин бўлган бошқа ҳолатларга жалб этмаслик борасида учрашув, семинар ва конфкеренцияларни ўтказиш бўйича чора-тадбирлар белгиланган эди.
Қорақалпоғистон Республикаси судида илк бор судьялик лавозимига тайинланган судьялар, суд ходимлари ва уларнинг ота-оналарининг иштирокида конференция ўтказилди. Туман ва шаҳар судлари судьялари ва суд ходимлари, уларнинг оила аъзолари билан масофадан яъни видеоконференция алоқа режимида иштирок этди.
Тадбирда сўз олганлар, судни «Адолат қўрғони»га айлантириш орқали фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, мамлакатимизда демократик ҳуқуқий давлат, фуқаролик жамияти барпо этиш, қонун ва адолат устуворлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг амалий натижаларига тўхтаб ўтди. Шунингдек, нафақат судьялар, балки суд тизимида коррупцияга муросасиз курашиш борасида олиб борилаётган қатъий чора-тадбирларни ҳам таъкидлашди.
Бундан сўнг судьялар ва суд фахрийлари “Судьянинг онгида адолат, тилида ҳақиқат, дилида поклик ҳукмрон бўлиши керак”, “Адолат ва маънавият – ўзаро чамбарчас боғлиқ тушунчалар, маънавият бўлмаган жойда ҳеч қачон адолат бўлмайди”, “Суд биносига келган ҳар бир инсон Ўзбекистонда адолат борлигига ишониб чиқиб кетиши керак”, “Судьялар одоб ахлоқи кодекси талабларига амал қилиш ва коррупцияга қарши курашиш” мавзуларида маърузалар қилди.
Дарҳақиқат, судья нафақат муайян суд ишини ҳал қилиш ваколатига эга бўлган мутлақ ҳуқуқли процессуал шахс, балки у, аввало, жамиятдаги энг обрўли инсондир. Айнан судьялик маданияти, судьянинг илм-маърифати орқали жамиятимизда одил судловга ҳурмат, Конституция ва қонунлар устуворлиги ҳамда адолатга ишонч шаклланади.
Маълумки, Жиноят кодексининг 236-моддасида тергов қилишга ёки суд ишларини ҳал этишга аралашганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланган. Бундай ёндашув тийилиб туриш ҳақида қатъий огоҳлантириш ва бу билан судларнинг мустақиллиги амалда таъминланишига, пировард мақсад бўлган — адолатли суд қарорлари қабул қилинишига эришишга имкон беради.
Шундай экан, судьялар ўз фаолиятини судлар мустақиллигини янада мустаҳкамлаш, одил судлов самарадорлигини ошириш, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини амалда тўлиқ ҳимоя қилишга йўналтириши лозим. Бунда албатта, уларнинг ортида турган оиласининг қўллаб-қувватлаши жуда муҳим эканлиги таъкидланди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА