Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Судьяликка номзодларнинг имтиҳонлари илк бор онлайн ёритиб борилади
16:47 / 2020-12-09

Жорий йил 7 декабрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони имзоланди.

Мазкур ҳужжат суд тизимини малакали, ҳалол, пок кадрлар билан тўлдириш, суд органларининг фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг суд ҳокимиятига бўлган ишончини янада оширишга оид чора-тадбирларни тартибга солади.

Фармонга биноан, судьялар мустақиллигини таъминлаш ва суд тизимида коррупциянинг олдини олиш бўйича давлат сиёсатининг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди:

-  судьяларнинг одил судловни амалга ошириш бўйича касбий фаолиятини ҳар қандай кўринишдаги ташқи таъсирлардан самарали муҳофаза қилишни таъминлайдиган ҳуқуқий механизмларни яратиш;

-  судьяликка кадрларни танлаш, тайёрлаш, лавозимга тайинлаш, шунингдек, судьялар фаолиятини баҳолашда холислик ва шаффофликни таъминлаш, ушбу жараёнларга замонавий ахборот технологияларини изчил жорий қилиш;

-  судьялар ва суд аппарати ходимлари орасида коррупция ҳолатларининг олдини олиш ва барвақт аниқлашга қаратилган тизимни йўлга қўйиш ҳамда суд тизимида аниқланган ҳар қандай коррупциявий ҳаракатни муросасиз ҳолат деб баҳолаш;

-  судьяларнинг касбий малакаси, маънавияти ва масъулиятини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш орқали юксак профессионал судьялар корпусини шакллантириш.

2021 йил 1 февралдан суд тизимида коррупция ҳолатларининг олдини олиш, Судьялар олий кенгаши ва суд тизими фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш учун илк бор судьялик лавозимларига номзодларни танлаш бўйича имтиҳон жараёнларини Интернет тармоғи (веб-сайт) орқали онлайн тарзда ёритиб бориш йўлга қўйилади.

Судьялик лавозимига номзодлар ва судьяларнинг психологик портрети бўйича касбга муносиблигини баҳолашга кўмаклашувчи электрон дастур ишлаб чиқилади ва амалиётга татбиқ этилади.

Шунингдек, судья фаолиятининг самарадорлигини электрон рейтинг орқали очиқ ва шаффоф баҳолашни таъминлайдиган аниқ мезонлар амалиётга татбиқ этилади.