Янгиланган Конституциямизга кўра, Олий Мажлис Сенатига қонунчилик таклифини киритиш ваколати берилган эди. Сенат мазкур ҳуқуқдан фойдаланган ҳолда “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 21-моддасига қўшимча ва ўзгартириш киритиш ҳақида”ги қонунчилик таклифини қуйи палатага киритди.
Қонунчилик палатаси мажлисида мазкур қонунчилик таклифи атрофлича кўриб чиқилди.

— Конституциявий суд судьялари, Олий суд раиси, раис ўринбосарлари ва судьялари, Судьялар олий кенгаши раиси, раис ўринбосари, унинг аъзолари лавозимларига сайлаш учун номзодлар Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Сенатга тақдим этилади ва уларни сайлаш тўғрисидаги масала Сенатнинг навбатдаги мажлисида Сенат аъзолари умумий сонининг кўпчилик овози билан ҳал қилинади, — деди депутат Г.Худоёрова. — Мазкур қонунчилик таклифи билан судьяликка номзодларни кўриб чиқиш тартибини такомиллаштириш таклиф этилмоқда. Хусусан, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти тўғрисида”ги Қонунга судьяларни лавозимларига сайлаш учун номзодлар дастлабки тарзда Олий Мажлис Сенатининг масъул қўмитаси томонидан кўриб чиқилиши ҳамда кўриб чиқиш якунлари бўйича қўмита томонидан хулоса қилиниши билан боғлиқ қўшимча ва ўзгартириш киритилмоқда, — деди депутат.
Қайд этилганидек, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши парламент томонидан судьялик лавозимларига малакали кадрларни сайлаш жараёнларини такомиллаштириш, номзодлар очиқ ва шаффоф баҳоланишини таъминлаш, судьяларнинг одил судловни амалга оширишдаги масъулиятини оширишга хизмат қилади.

Муҳтарама Комилова, ЎзА