Жиззах вилояти судида “Уч авлод учрашуви” бўлиб ўтди. Устоз ва шогирд анъаналарини мустаҳкамлаш, касбий қадриятлар ворислигини таъминлаш мақсадида ташкил этилган тадбир суд фахрийлари, амалдаги судьялар ҳамда суд аппарати ходимларини бир даврада жам этди. Бу мулоқот оддий йиғилиш эмас, балки тажриба, масъулият ва эътиқод уйғунлашган маънавий майдонга айланди.
Тадбирни вилоят суди раиси Акром Шукуров очиб, бундай учрашувлар суд тизимида узвийликни таъминлаш, бой ҳаётий ва касбий тажрибани ёш авлодга етказишда муҳим ўрин тутишини таъкидлади. Унинг қайд этишича, судьялик касби, аввало, юксак маънавият ва холисликни талаб қилади. Ана шундай фазилатлар авлоддан авлодга ўтгандагина адолат мезонлари мустаҳкамланади.
Жиззах вилоят маъмурий суди раиси Сарварбек Раҳмонов адолат ва қонун устуворлиги тамойилларига содиқлик ҳар бир судьянинг олий бурчи эканини урғулади. Унинг таъкидлашича, бундай самимий мулоқотлар касбий бирдамликни кучайтиради, ўзаро ҳурмат ва ишонч муҳитини янада мустаҳкамлайди.
Учрашув давомида суд тизимида кўп йиллар самарали меҳнат қилган Эркин Умрзоқовнинг хизматлари муносиб эътироф этилди. Унинг фидокорона меҳнати, тизим равнақига қўшган ҳиссаси, ҳалоллик ва адолатга содиқ фаолияти ёш кадрлар учун ибрат мактаби сифатида тилга олинди. Самимий миннатдорлик изҳор этилиб, эсдалик совғалари топширилди. Фахрийлар томонидан айтилган ҳаётий мисоллар, адолат ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги мулоҳазалар ёш судьялар учун ўзига хос сабоқ бўлди.
[gallery-27893]
Таъкидланганидек, бу каби учрашувлар суд тизимида соғлом маънавий муҳитни қарор топтириш, касбий салоҳиятни ошириш ва адолат тамойилларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Шунингдек, тадбир доирасида Судьялар олий кенгашининг тегишли қарорига мувофиқ айрим янги тайинловлар ҳақида ҳам маълумот берилди.
Тадбир якунида суд фахрийлари вилоят суди биносидаги фахрийлар хонасига ташриф буюриб, фаолият юритган йилларини илиқ хотиралар билан ёдга олдилар. Кеча ва бугунни боғлаган, тажриба ва интилишни уйғунлаштирган ушбу учрашув суд тизимида адолат анъаналари бардавом эканини яна бир бор намоён этди.
А. Қаюмов, Ж. Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари