English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Судьялардан одоб-ахлоқ меъёрларига риоя этиш ҳам талаб қилинади
15:47 / 2023-10-04

Суд тизими вакилларининг умумэътироф этилган одоб-ахлоқ меъёрларига риоя этиши одил судловни амалга оширишнинг ажралмас қисми ҳисобланади.

Шу боис ҳам Ўзбекистон Президентининг 2023 йил 16 январдаги “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида судьялар ва суд ходимларида юксак муомала маданиятини шакллантириш зарурлиги қайд этилган. Судга мурожаат қилган ҳар бир фуқаро ва тадбиркорда суддан, пировардида эса, давлатдан розилик ҳиссини уйғотиш устувор вазифа этиб белгиланган.

Судьялар олий кенгаши ташаббуси билан “Судья маънавияти, одоби ва масъулияти” мавзусида ташкил этилган халқаро конференцияда шу ҳақда сўз юритилди.

Конференцияда судьяларнинг одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ хизмат ва хизматдан ташқари вақтда риоя этилиши шарт бўлган маънавий-ахлоқий талаблар, бу борадаги ҳуқуқий ҳужжатлар, судьялар одоб-ахлоқига оид халқаро стандартларга асосланган қоидаларнинг ташкилий асослари бўйича фикр алмашилди.

Германия Федерал Адлия вазирлиги ҳузуридаги Халқаро ҳуқуқий ҳамкорлик жамғармасининг (IRZ) “Ўзбекистон суд-ҳуқуқ идоралари ўртасида ҳамкорлик” дастури ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбирда судья одоби, суд этикаси бўйича умумэътироф этилган меъёрлар ва хорижий давлатлар тажрибалари хусусида маълумот берилди.

Тадбирда Судьялар олий кенгаши томонидан нашр этилган “Судья маънавияти, одоби ва масъулияти” маърифий китобига ҳам эътибор қаратилди.

Судьялик институти борасидаги давлат сиёсатидан бошлаб маънавият, адолат борасидаги азалий қарашлар, судьялик мақоми ва масъулияти ҳамда ўтмишда ўтган кўплаб қозиларнинг донишмандона ҳукмлари ҳақида талай ибратли ва қизиқарли воқеалар жамланган мазкур асар судьялик этикаси бўйича чоп этилган илк маънавий-маърифий тўплам экани алоҳида эътироф этилди.

Конференцияда мавзу бўйича Германия, Озарбайжон, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон давлатлари судьялари ва экспертлари маъруза билан иштирок этди.

Халқаро конференция иши доирасида Судьялар олий кенгаши томонидан тайёрланиб, куни кеча нашрдан чиққан “Судьянинг мустақиллиги ва дахлсизлиги, суд ишига аралашганлик учун жавобгарлик асослари” қўлланмаси тақдимоти ҳам ўтказилди.

Халқаро конференция натижаларидан келиб чиқиб, халқаро стандартлар, хорижий давлатлар тажрибаси ҳамда миллий тажрибани таққослаш асосида судьялик этикасига риоя қилишнинг самарали механизмларни ишлаб чиқиш режалаштирилган.

Н.Абдураимова, ЎзА