Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Судьялар ёшлар билан очиқ мулоқот қилди
16:02 / 2025-09-18

Қорақалпоғистон Республикаси Тахтакўпир тумани ҳокимлигининг мажлислар залида “Судья ва ёшлар” учрашуви бўлиб ўтди.

Тадбирда Нукус туманлараро маъмурий суди судьяси А. Салиев ҳамда Жиноят ишлари бўйича Тахтакўпир тумани судининг тергов судьяси Ф. Ибрагимовлар ёшлар билан бевосита мулоқот қилишди.

Учрашув давомида судьялар 2025 йил 3 январда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарори, 2025 йил 11 март куни қабул қилинган “Халққа суд муҳокамаларида масофадан туриб иштирок этиш учун қулай шароитлар яратилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун, шунингдек, жорий ийл 21 августда имзоланган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техника таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонининг мазмун-моҳиятини ёшларга тушунтириб берди. 

Таъкидланганидек, ёшлар мамлакатимиз келажаги, тараққиёт ва ислоҳотларнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи ҳисобланади. Улар ҳуқуқий билимли, қонунларни тўғри англайдиган ва ўз ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қила оладиган шахс сифатида тарбияланиши жамият тараққиёти учун беқиёс аҳамиятга эга. Шу боис юртимизда турли ҳудудларда ёшлар билан ҳуқуқий мазмундаги очиқ мулоқотлар, учрашув ва давра суҳбатларини ўтказишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ана шундай тадбирлар орқали ёшлар ҳуқуқ-тартибот соҳасида амалга оширилаётган янгиликлар билан яқиндан танишиш, ҳуқуқий саводхонликларини ошириш имкониятига эга бўлмоқда.

Тадбирда тергов судьяси Ф. Ибрагимов томонидан атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва экологик ҳуқуқбузарликларга йўл қўймаслик масалалари ҳам алоҳида таъкидлаб ўтилди. Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда белгиланган жавобгарлик чоралари мисоллар билан тушунтирилди.

Хусусан, Жиноят кодексининг тегишли моддаларига кўра, табиатга катта зарар етказиш, ноқонуний ов қилиш, ноқонуний дарахт кесиш, чиқиндиларни белгиланмаган жойларга ташлаш ёки атмосферага меъёрдан ортиқ зарарли моддалар чиқариш ҳолатларида йирик миқдорда жарима, маълум муддатга меҳнат фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш ёки озодликдан маҳрум этиш жазоси белгиланган. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда эса табиатга зарар етказишнинг енгил ҳолатлари учун маъмурий жарималар, қонунбузарлик оқибатларини бартараф этиш мажбурияти ва бошқа таъсир чоралари назарда тутилган.

Қайд этилдики, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш – ҳар бир фуқаронинг бурчи бўлиб, қонун бузилиши ҳолатида жазо муқаррар ҳисобланади.

Тадбир давомида ёшлар суд тизими фаолияти, ҳуқуқий жараёнлар ва янги ислоҳотларга оид саволларига жавоб олиш имконига эга бўлдилар. Учрашув нафaқат ҳуқуқий саводхонликни ошириш, балки ёшларда қонунларга ҳурмат, адолат ва масъулият ҳиссини кучайтиришга хизмат қилди.

“Судья ва ёшлар” учрашуви ёшларнинг ҳуқуқий онг ва маданиятини юксалтириш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда суд тизимига бўлган ишончни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади. Зеро, шу орқали ёшлар давлатимизда олиб борилаётган ҳуқуқий ислоҳотларнинг фаол иштирокчисига айланмоқда.

Довуд Абибуллаев, ЎзА