Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори билан Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланган.
Шу асосда Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабида “Одил судловни амалга оширишда инсон ҳуқуқларини таъминлаш” мавзусида ёзги мактаб ташкил этилди.
Олий суд ва Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда тингловчилар сифатида судьялар ва прокурорлар жалб қилинган. Ёзги мактаб давомийлиги жорий йилнинг июль-август ойларига мўлжалланган.
Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълимнинг аҳамияти юқори ҳисобланади. Инсон ҳуқуқлари бўйича билим, кўникма ва дунё қарашни шакллантириш орқали инсон ҳуқуқлари умумий маданиятини шакллантиришга эришиш мумкин.
[gallery-12949]
Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим жамиятда ҳар бир шахснинг ўз ҳуқуқларидан ташқари ўзгаларнинг ҳуқуқларини ҳурмат қилиш, ҳимоя қилиш ҳамда бу борадаги қадриятларни эъзозлаш каби муносабатларни ривожлантиришга замин яратади.
Шу жиҳатдан ёзги мактабни ташкил этишдан кўзланган мақсад ҳам иштирокчиларнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро ҳуқуқ нормалари ва уларни келгусида ўз касбий фаолиятларини амалга оширишда янада кенгроқ қўллашга оид билим ва кўникмаларини янада оширишдир.
Иштирокчиларга одил судловни амалга оширишда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро ва миллий механизмлар ҳамда судлар томонидан халқаро ҳуқуқ нормаларининг қўлланилишига оид масалалар юзасидан халқаро ва миллий экспертлардан иборат етакчи мутахассислар иштирокида ўқув машғулотлари олиб борилади.
Ёзги мактаб якунида иштирокчиларга махсус сертификатлар тақдим этилади.
Н.Абдураимова, ЎзА