Самарқандда “Қамоққа олиш учун далилларнинг етарлилиги ва судгача қамоқдан озод қилиш асослари” мавзусида халқаро анжуман бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ва “Минтақавий мулоқот” (Словения) халқаро ноҳукумат ташкилотининг мамлакатимиздаги филиали ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда Самарқанд, Жиззах, Навоий ва Қашқадарё вилоятлари судларининг жиноят ишлари бўйича судьялари, ҳуқуқшунослар, халқаро экспертлар иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши раиси ўринбосари Алишер Жалилов фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини суд орқали самарали ҳимоя қилиш мамлакатимизда изчил давом этаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг бош мақсади эканлигини таъкидлади. Айни шу омил “2023 – 2026 йилларга мўлжалланган суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли стратегияси”да ҳам устувор йўналиш сифатида белгиланган.

Халқаро экспертлар суд-ҳуқуқ ислоҳотлари натижасида процессуал мажбурлов чораларини қўллаш ваколати судларга ўтказилгани, миллий қонунчилигимизга умумэътироф этилган “Миранда қоидаси” ва “Хабеас корпус” институти фаол тадбиқ қилинаётганини алоҳида эътироф этди. Бинобарин “Хабеас корпус” институти моҳият-эътибори билан ҳар бир инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда муҳим ўрин тутади. Айниқса, ушбу институт янги таҳрирдаги Конституциямизда ўз ифодасини топиши “Инсон қадри учун” тамойилининг амалий натижаси эканлиги таъкидланди.

Семинарда гумондор ёки айбланувчига нисбатан судлар томонидан процессуал чоралар, хусусан, қамоққа олиш эҳтиёт чорасини қўллаш ёки ҳибсдан озод қилишнинг ҳуқуқий асослари, далиллар мақбуллиги ва асослилигини текшириш, уларга ҳуқуқий баҳо бериш масалалари хусусида сўз юритилди.
Хорижлик халқаро экспертларнинг маърузалари орқали мавзу юзасидан АҚШ ва ўтиш давридаги Европа давлатларидаги тартиб-қоидалар, суд тартибида мажбурлов чоралари қўллаш тартибини такомиллаштиришга бўлган эҳтиёж ва уларнинг самарадорлиги, бу борадаги муваффақиятли тажрибалар билан яқиндан танишилди.

Семинар иштирокчилари гуруҳларга бўлинган ҳолда амалий машғулот шаклида ўзаро тажриба алмашди.
Бу каби семинар-машғулотлар республикамизнинг бошқа минтақалари судлари судьялари учун ҳам ўтказилиши қайд этилди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири