English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Судьялар олий кенгаши 41 нафар судьянинг ваколатини муддатидан илгари тугатган
19:21 / 2022-08-17

Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши нафақат судьяларни лавозимга тайинлаш, балки уларнинг малакасини ошириш, қонун доирасида фаолият юритишини назорат қилиш билан бирга, қонун бузилган ҳолатларда судьянинг ваколатини ҳам тугатади.

2022 йил ярим йилида Судьялар олий кенгаши томонидан 41 нафар судьянинг ваколати муддатидан илгари тугатилган.

Шундан ўз аризасига асосан лавозимидан озод этилган судьялар сони 21 нафарни ташкил этган. Қолганлари одил судловни амалга ошириш чоғида қонунийликни бузгани, суд ишини ташкил этишда бепарволик ва интизомсизликка йўл қўйгани ҳамда қасамёдни бузгани сабабли судьяликдан кетказилган. Бундан ташқари 227 нафар судья интизомий жавобгарликка тортилди.

2021 йилда ваколат муддати тугаган 12 нафар судья навбатдаги муддатга нолойиқ деб топилган бўлса, 2022 йилда бу кўрсаткич 6 нафарни ташкил этди.

Бу Судьялар олий кенгаши томондан «Судьялар корпусини шакллантириш: очиқлик, шаффофлик ва натижалар» мавзуида ташкил этилган матбуот анжуманида қайд этилди.

Тадбирда Судьялар олий кенгашнинг вазифаларидан келиб чиққан ҳолда профессионал судьялар корпусини шакллантириш, тизимни малакали ва ҳалол кадрлар билан тўлдиришга эътибор қаратаётгани таъкидланди.

Кадрлар салоҳиятини ошириш йўналишида судьяларни тайинлаш, жой-жойига қўйиш, вакант лавозимларни тўлдириш бўйича очиқ ва ошкора танловлар ўтказилмоқда. Натижада 2022 йилнинг ярмида 185 нафар судья лавозимга тайинланди.

Айни пайтда Республика бўйича суд тизимида ишлаётган судьялар сони 1 минг 278 нафарни ташкил этади. Шундан 174 нафари аёл судьялар бўлиб, уларнинг 26 нафари раҳбар судьялик лавозимларида фаолият юритмоқда.

Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабида 2021 йилда 73 нафар судьяликка номзод касбга тайёрланиб, шундан 62 нафари илк бор судьялик лавозимига тайинланди.

Жорий йилда Судьялар олий мактабини яна 75 нафар тингловчи муваффақиятли битирди. Улар ҳам яқин келажакда очиқ танлов асосида судьялик лавозимига тайинланиши кутилмоқда.

Судьялар дахлсизлигини таъминлаш борасида Кенгаш зарур ишларни амалга оширмоқда.

Жумладан, 2021 йилда одил судловга аралашиш билан боғлиқ 4 ҳолат бўйича хизмат текширувлари ўтказилди. Аниқланган ҳолатлар бўйича Судьялар олий кенгаши раиси томонидан Бош прокурорга тақдимномалар киритилди. Натижада айбдор шахсларга нисбатан 2 та жиноят иши ва 2 та маъмурий иш қўзғатилди.

2022 йил ярим йилида судьялар дахлсизлиги бузилишининг ва уларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига аралашиш бўйича ҳолат қайд этилмаган.

Бироқ, суд ишларига билвосита аралашиш ва судьялар дахлсизлигига таъсир ўтказиш эҳтимоли юқори бўлган вазиятлар юзадан Кенгаш ўз вақтида муносабат билдириши натижасида бундай ҳолатларнинг барвақт олди олиниб келинмоқда.

Судьяларнинг масъулиятини ошириш мақсадида жорий йилда Кенгаш ва малака ҳайъатлари қошида Судьялар одоб комиссияси фаолияти йўлга қўйилди.

32 нафар судья билан профилактик суҳбат ўтказилди. Судьяликка номзодлар ва судьяларнинг касбга муносиблигини баҳолашга кўмаклашувчи электрон психологик тест дастури ишга туширилди.

Судьялар фаолияти самарадорлигини очиқ ва шаффоф баҳолаш бўйича миллий электрон рейтинг баҳолаш дастури ишлаб турибди.

Одил судловни амалга оширишда юқори рейтинг кўрсаткичга эга бўлган 16 нафар судья жорий йилда ва тизим тарихида биринчи марта «Ибратли судья» мукофоти билан тақдирланди.

Самарадорлик кўрсаткичи қониқарсиз (56 баллдан паст) 3 нафар судьянинг малакасини ошириш бўйича комплекс чоралар кўрилмоқда.

Кенгаш ҳузурида Судьялар клуби фаолият кўрсатмоқда. Жамоатчилик асосида фаолият юритувчи мазкур клубда ҳуқуқ нормаларини тўғри қўллаш бўйича тавсиявий характерга эга бўлган маслаҳатлар берилади. Судьяларнинг одоб-ахлоқ қоидаларини муайян вазиятларда қўлланилиши юзасидан сўровларига тушунтиришлар берилади.

Н.Абдураимова, ЎзА