Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Судьялар мустақиллиги ва дахлсизлиги янада мустаҳкамланди
09:15 / 2021-08-13

Президентимиз томонидан 2021 йил 28 июлда имзоланган Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги қонуни мамлакатимиз суд–ҳуқуқ соҳасидаги изчил ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди.

Ушбу қонун билан “Ҳарбий судлар фаолиятини ташкил қилиш тўғрисида”ги, “Судьяларнинг малака даражалари тўғрисида”ги, “Суд тизими ходимларининг мансаб даражалари тўғрисида”ги низомлар қабул қилинди.  

Мазкур қонун 101 моддадан иборат бўлиб унда белгиланган нормалар судьяларнинг чинакам мустақиллиги ва дахлсизлигини таъминлаш, судлар фаолиятининг самарадорлиги ва нуфузини ошириш, судларнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, фуқаролар ва юридик шахсларнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун дастуриламал бўлиб хизмат қилади. Чунки мазкур ҳужжатда илгари қабул қилинган эски таҳрирдаги “Судлар тўғрисида”ги қонунда белгиланмаган нормалар киритилди.

Қонунга биноан судья зиммасига ўз ваколатларини амалга оширишда, шунингдек хизматдан ташқари муносабатларда судьялик одоби кодекси талабларига риоя этиши, суд ҳокимияти обрўсини, судьянинг шаъни ва қадр қимматини тушириш ёки унинг беғаразлиги, холислиги ва адолатлигига шубҳа туғдириши мумкин бўлган ҳар қандай хатти-ҳаракатдан ўзини тийиши, коррупцияни ҳар қандай кўринишларига ва одил судловни амалга ошириш бўйича ғайриқонуний аралашишларга уринишларга қаршилик кўрсатиши керак. Бундай ҳолатлар аниқланган тақдирда бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Судьялар Олий кенгашига хабар қилиши белгилаб қўйилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши раисининг судьялар дахлсизлигини бузганлик ва уларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига аралашганлик фактлари тўғрисидаги тақдимномаси прокуратура органлари томонидан бир ой муддатда кўриб чиқилиши, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси кўрсатилган фактлар бўйича жиноят иши қўзғатилганлиги ёки қўзғатилиши рад этилганлиги ҳақида Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашига хабар бериши, судьяни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга гувоҳ ёки гумон қилинувчи сифатида сўроқ қилиш учун чақиришга фақат тегишли судьялар малака ҳайъатининг розилиги билан йўл қўйилиши белгиланди.

Шунингдек, судьянинг дахлсизлигини кучайтириш мақсадида белгиланган яна бир янги тартибга мувофиқ, судья ҳуқуқбузарлик содир этганликда гумон қилиниб ушлаб турилган тақдирда, бу ҳақда ушлаб туриш учун асос бўлган ҳужжатлар кўчирма нусхалари илова қилинган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашига у ушланган пайтдан эътиборан уч соатдан кечиктирмасдан хабар қилиниши шартлиги, шунингдек, судьяга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси фақат унга нисбатан ўта оғир жиноят ёки одам ўлимига сабаб бўлган қасддан бошқа жиноят содир этганликда айб қўйилган ҳолларда қўлланилиши мумкинлиги, мазкур қоида судья сифатида ишлаган даврида шундай жиноят содир этганликда айбланаётган собиқ судьяга нисбатан ҳам қўлланилиши ҳамда эндиликда, судьяга нисбатан жиноят иши Ўзбекистон Республикаси Олий суди судловига тегишли эканлиги мустаҳкамлаб қўйилди.

Бундан ташқари илгари судьянинг турар жойига ёки хизмат хонасига, фойдаланадиган транспортига кириш, уларни кўздан кечириш, уларда тинтув ўтказиш ёки улардан ашёни олиш, унинг телефондаги сўзлашувларини эшитиш, судьяни шахсан кўздан кечириш ва уни шахсий тинтув қилиш, унинг хат-хабарларини, унга тегишли ашёлар ва ҳужжатларни кўздан кечириш, олиб қўйиш ёхуд олишга Қорақалпоғистон Республикаси прокурорининг, вилоят, Тошкент шаҳар прокурорининг, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокурорининг рухсати ёки суднинг қарори билан йўл қўйилган. Эндиликда, бундай ҳаракатлар фақат Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг рухсати билан ёки суднинг қарорига биноан амалга оширилиши қонун билан мустаҳкамланди.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, ушбу қонун судьянинг дахлсизлигини ва чинакам мустақиллигини таъминлашда зарурий аҳамиятга эга бўлиш билан бирга одил судловнинг сифатли амалга оширилишига хизмат қилади.  

Абулқосим Рўзиқулов,

Сурхондарё

вилоят судининг раиси  

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА