Судьялар кунини белгилаш таклиф этилди
Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят судида Олий Мажлис Сенат аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари ҳамда судьялар, адвокат ва нотариуслар иштирокида давра суҳбати ўтказилди.
Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят судида Олий Мажлис Сенат аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари ҳамда судьялар, адвокат ва нотариуслар иштирокида давра суҳбати ўтказилди.
Олий Мажлис Сенати Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзоси Фарҳод Боқиев ва бошқа депутатлар, судьялар мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимидаги кейинги ўзгариш ва янгиликлар хусусида сўз юритиб, бу ўзгаришлар соҳа фаолияти шаффофлигини таъминлаётганини таъкидлади. Хусусан, суд идораларининг ихтисослашуви, сайёр ва онлайн суд мажлисларининг ўтказилаётгани, оқлов ҳукмларининг кўпайгани, судьяларнинг тайинловдан олдин жамоатчилик суҳбатидан ўтиши одил судлов тизимини янги поғонага олиб чиқмоқда.
Шу билан бирга давра суҳбати қатнашчилари судлов тизими мукаммаллигини таъминлаш учун қилиниши лозим бўлган ишларга ҳам тўхталиб ўтдилар. Хусусан, суд мажлисида адвокат ва прокурор иштироки тенглигини таъминлаш, мамлакатда судьялар кунини белгилаш, фуқаролик ишлари бўйича ҳар бир туманда судларни ташкил этиш, суд қарорлари, айниқса, оқлов ҳукмлари тарғиботини кучайтириш, соҳа ходимлари, фахрийлари учун алоҳида доимий оромгоҳ барпо этиш масалалари ўртага ташланди.
Давра суҳбати иштирокчилари билдирилган таклифларни Олий Мажлис Сенати орқали тегишли идораларга тақдим этишга келишиб олдилар.