Қорақалпоғистон Республикаси судида навбатдаги Президиум мажлисида илк бор судьялик лавозимига тайинланган судьяларнинг қасамёд қабул қилиш маросими ўтказилди.
Йиғилишда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг 2026 йил 1 январдаги Президиум қарори билан судьялик лавозимига биринчи беш йиллик муддатига тайинланган Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ишлари бўйича Қўнғирот туманлараро судининг судьяси Абиниязова Гулрано Муратбаевна ва фуқаролик ишлари бўйича Чимбой туманлараро судининг судьяси Опаева Сарбиназ Кенесбаевнанинг қасамёди эшитилди.

Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси судининг раиси К.Тарихов сўзга чиқиб, судьялар корпусига янги қўшилаётган вакиллар ва Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Президиуми қарори билан судьялик ваколати муддати даврида Қорақалпоғистон Республикаси судининг иқтисодий ишлар бўйича судьяси лавозимига тайинланган Давлетов Дилмурат Иброҳимовичга ишонч билдириб, уларга одил судловни амалга оширишдек машаққатли, шу билан бирга, шарафли ишларида муваффақиятлар тилади.
Судларда узоқ йиллардан буён давом этиб келаётган “Устоз-шогирд” анъанаси асосида янги вакилларга тажрибали судьялар устоз этиб бириктирилди.

Тадбирда иштирок этганлар янги судьяларга энг эзгу тилакларини билдиришди. Ўз навбатида, янги судьялар корпусига вакил бўлганлар билдирилаётган ишончни оқлашга, фақат қонун асосида адолатли қарор чиқаришга, бунинг учун ўзларининг бор билим ва тажрибасини аямай сарфлашга ваъда беришди.
Қасамёд қабул қилган судьяларга Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва “Судьялар одоби” китоблари совға қилинди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири