Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 7 мартдаги “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида судьялар томонидан мунтазам равишда хотин-қизлар учун сайёр қабуллар ташкил қилиняпти.
Навбатдаги сайёр қабул Яшнобод туманидаги “Янгиобод” мажмуаси биносида бўлиб ўтди. Унда жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман суди ва фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро судининг судьялари ҳамда тумандаги сектор мутасаддилари иштирок этишди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар судининг Жамоатчилик ва ОАВ билан ҳамкорлик бўйича бош консультанти Садоқат Аллаберганова хабар қилди.

Мазкур сайёр қабулда Яшнобод туманидаги “Катта Қўйлиқ”, “Мумтоз”, “Қўйлиқобод”, “Бирлашган”, “Беҳизор”, “Шохимардон”, “Нодира”, “Шохсанам”, “Ойдинкўл”, “Янгинур”, “Хосиятли”, “Донишманд”, “Тарновбоши”, “Катта Янгиобод”, “Махмур”, “Алимкент”, “Парвоз”, “Беш бола”, “Ахмад Яссавий” маҳалла фуқаролар йиғинларида яшовчи “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар ўзларини қийнаётган ҳуқуқий муаммоларига ечим излаб келишди.

— “Ҳуқуқий билимлар” мавзусидаги учрашувда судьялар томонидан хотин-қизларга ҳуқуқий ёрдам ва маслаҳатлар берилди, - дейди жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман суди судьяси Анвар Икромов. – Уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклашга ёрдам бериш, судга мурожаат қилиш тартибини тушунтириш, суд учун керак бўладиган ҳужжатларни расмийлаштириш борасида атрофлича тушунтиришлар бериб ўтилди.

Қолаверса, судьялар тумандаги ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида уларнинг хонадонларига ташриф буюришди, холидан хабар олишди.
ЎзА