Сўнгги йилларда мамлакатимизда кўкаламзорлаштириш, дарахт ва буталарни муҳофаза қилиш, яшил майдонларни кенгайтириш борасида тизимли ишлар қилинмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 30 декабрдаги “Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида бу борада аниқ вазифалар белгилаб берилган.

"Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида юртимизда йилига 200 миллион туп дарахт ва бута кўчатларини экиш ва бу орқали республикамизда яшил майдонлари кўпайтирилмоқда.
Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида Фуқаролик ишлари бўйича Чирчиқ туманлараро суди ва Чирчиқ туманлараро иқтисодий суди судьялари ва суд ходимлари билан биргаликда суд биноси ҳовлиси атрофига 50 тупдан ортиқ манзарали дарахт кўчатлари экилди.
Мақсад, манзарали ва мевали дарахтларни асраб-авайлаш, дарахтларни кесишга қарши курашиш, дарахтларни кўпайтириш ва ўстиришга эътиборни кучайтиришдан иборатдир.

— Она табиатни асраш инсонийлик бурчимиздир, — дейди Фуқаролик ишлари бўйича Чирчиқ туманлараро суди раиси Ҳамиджон Каюмов. — Яшаб турган жойимизни озода сақлаб, табиатга меҳр ва эътибор берсак келажак авлод ҳам муносиб экологик шароитда яшайди. Бунинг учун биздан ер ва сув ресурсларини, экологик тизимни асраш, дарахт кўчатларини экиб, боғ яратиш талаб қилинади, холос.
Акция доирасида экилган кўчатларни вақтида суғориб, агротехника талаблари асосида парваришлаш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шу жиҳатдан бугун экилган ниҳоллар эртага боғга айланиб, суд биносига ташриф буюрувчиларнинг дилларини шод этиши шубҳасиздир.
Ш.Эрметова,
Фуқаролик ишлари бўйича
Чирчиқ туманлараро суди судьяси.
ЎзА