English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Судьялар дахлсизлигини бузиш ҳолатлари рўй берган
07:00 / 2021-06-01

Қонунга мувофиқ, судьялар дахлсиз бўлиб, уларнинг бу ҳуқуқини бузиш жавобгарликка сабаб бўлади.

Аммо амалда судьялар дахлсизлигини бузиш ҳолатлари учраб турибди. 2020 йилда уч ҳолатда судьялар дахлсизлиги бузилгани аниқланиб, қонун доирасида тегишли чоралар кўрилган. Жорий йилнинг ўтган қисқа вақтида эса айнан шундай тўрт ҳолат кузатилган.

Аниқланган ҳолатлар бўйича Судьялар олий кенгаши раиси томонидан Бош прокурорга ўз вақтида тақдимномалар киритилгани натижасида битта жиноят, икки маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш қўзғатилди. Яна бир ҳолат ўрганилмоқда.

Бу Судьялар олий кенгашининг жорий йил ўтган давридаги фаолияти юзасидан ўтказилган матбуот анжуманида қайд этилди.

Айтиб ўтиш керакки, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши судьялар ҳамжамияти органи бўлиб, суд ҳокимиятининг мустақиллиги конституциявий принципига риоя этилишни таъминлашга кўмаклашади.

Президентимизнинг 2020 йил 7 декабрдаги “Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида судьялар мустақиллиги ва дахлсизлигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш бўйича қатор вазифалар белгиланди.

Суд ҳокимиятига бўлган ишончни янада ошириш вазифаларини бажариш учун тизимни ҳалол кадрлар билан тўлдириш ва суд органлари фаолиятида очиқлик ва шаффофликни амалда таъминлаш муҳим аҳамият касб этади.

Шунинг учун ҳам мазкур фармонда суд тизимига етарли билим ва ҳаётий тажрибага эга бўлган муносиб кадрларни танлаш, лавозимга тайинлаш, судьялар фаолиятини холис баҳолаш жараёнларига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилмагани алоҳида қайд этилган.

– Фармон ижроси доирасида судьялик лавозимларига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш йўлга қўйилди, – дейди кенгаш ахборот хизмати раҳбари Турсунали Акбаров. – Натижада инсон омили кескин чекланиб, жараён очиқ ва шаффоф ўтишига имконият яратилди. Судьялик лавозимига номзодлар ва судьяларнинг психологик портрети бўйича касбга муносиблигини баҳолашга кўмаклашувчи электрон дастур тест синовидан ўтказилмоқда.

Судьялар фаолиятининг самарадорлигини электрон рейтинг орқали очиқ ва шаффоф баҳолашни таъминлайдиган аниқ мезонлар ишлаб чиқилди ва яқинда амалиётга татбиқ этилади.

Судьялар ва суд ходимлари орасида коррупциянинг олдини олишга қаратилган махсус постерлар тайёрланди. Шунингдек, Кенгаш ҳузурида амалдаги моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини тўғри қўллаш бўйича тавсиявий характерга эга бўлган маслаҳатлар ҳамда судьяларнинг одоб-ахлоқ қоидалари муайян вазиятларда қўлланилиши юзасидан сўровларига тушунтиришлар бериш ваколатига эга бўлган жамоатчилик асосида фаолият юритувчи Судьялар клуби ташкил этилди.

Судьялар клубининг электрон платформасида судьянинг дахлсизлиги бузилган ҳолатлар тўғрисида тезкор хабар юбориш, одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилишини таъминлаш, ўзаро мулоқот асосида судьялар малакасини ошириш ва ягона суд амалиётини жорий этишга кўмаклашиш тизими яратилди.

Клубнинг онлайн форумида суд амалиётига оид мингга яқин мавзу бўйича ўзаро 5 мингдан ортиқ маротаба фикр алмашилди, қонунчиликни такомиллаштиришга оид 339 таклиф муҳокама қилинди.

Форумда фуқаролик ишлари бўйича суд амалиёти 1 минг 293 марта, жиноят ишлари бўйича суд амалиёти 834 марта, маъмурий ишлар бўйича суд амалиёти 708 марта, иқтисодий ишлар бўйича суд амалиёти 587 марта, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар бўйича суд амалиёти 259 марта муҳокама қилинган.

Клуб масъул аъзолари томонидан Суд амалиётидаги моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини тўғри қўллаш бўйича тавсиявий характерга эга бўлган маслаҳатлар ҳамда судьяларнинг одоб-ахлоқ қоидалари муайян вазиятларда қўлланилиши юзасидан тушунтиришлар доимий бериб келинмоқда.

Судьялик лавозимларига номзодларни танлов асосида танлаш, энг малакали ва масъулиятли мутахассислар орасидан судьяларни тайинлаш, шунингдек, раҳбар судьялик лавозимларига кўрсатиш учун тавсия бериш асосида судьялар корпусини шакллантириш Судьялар олий кенгашининг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади.

Жорий йилнинг ўтган беш ойида Судьялар олий кенгашида 313 нафар номзод муҳокама қилиниб, улардан 160 нафари судьялик лавозимига муносиб топилди.
 

Анжуманда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

Н.Абдураимова, ЎзА