Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Судьялар ассоциациясининг VI съезди бўлиб ўтди.
Унда судьялар орасидан сайланган 200 нафардан зиёд делегатдан ташқари Олий суд, Конституциявий суд раислари, тегишли ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди.
Судьялар олий кенгаши раиси Х.Ёдгоров бошқарган анжуманда Судьялар ассоциацияси судьяларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, суд ҳокимиятининг нуфузини оширишда ўз ҳиссасини қўшиб келаётгани таъкидланди.
[gallery-9749]
Съездда Ўзбекистон Судьялар ассоциациясининг 2017-2022 йиллардаги фаолиятига оид ҳисоботи тингланди. Қизғин муҳокамалардан сўнг ассоциациянинг ўтган беш йиллик фаолияти қониқарли, деб топилди.
Съезд ишида ассоциация уставига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш масаласи кўриб чиқилиб, кўпчилик овоз билан маъқулланди.
Делегатлар Судьялар ассоциацияси раисини сайлаш масаласини ҳам кўриб чиқди. Ушбу лавозимда фаолият кўрсатиб келган Убайдулла Мингбоев ассоциация раислигига қайта сайланди.
Шунингдек, 16 нафар марказий кенгаш, 3 нафар тафтиш комиссияси аъзолари ҳам сайланди.
ЎзА