Хоразм вилоятида судья ва суд ходимлари ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш мақсадида спорт мусобақалари мунтазам равишда ўтказилади.
Навбатдаги мусобақалар спортнинг стол тенниси, шахмат ва шашка турлари бўйича ташкил этилди.
– Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 16 июндаги “Аҳолининг жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш тизимини жорий этишнинг ташкилий чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда Олий суднинг “Судья ва суд аппарати ходимларининг маънавияти ва маданиятини оширишга қаратилган чора-тадбирлар режаси”га асосан вилоят суди томонидан суд тизимида соғлом турмуш тарзини татбиқ этиш, судья ва суд ходимларининг жисмоний фаоллигини ошириш, уларни спортга кенг жалб қилиш мақсадида мана шундай турли мусобақалар ташкил этилмоқда, – дейди вилоят суди судьяси Акбар Аминов. – Зеро, мунтазам равишда спорт билан шуғулланиш инсоннинг диққатини жамлайди, стрессни камайтиради ва касбий фаолиятда юқори натижаларга эришишга ёрдам беради.
Қизиқарли ва муросасиз кечган турнирда даставвал ҳар бир спорт тури бўйича кучлилар саралаб олиниб, кейинги босқичда улар ўзаро беллашишди. Ярим финал ва финал ўйинларида барча рақибларини мағлубиятга учратганлар ғолиблик шоҳсупасига кўтарилди.
Мусобақаларда стол тенниси бўйича биринчи ўринни вилоят суди судьяси Маҳмуд Маҳмудов, шахмат баҳсларида Фуқаролик ишлари бўйича Шовот туманлараро суди судьяси Рашид Сафоев га тенг келадиган рақиб топилмади.
Шашка мусобақаси ҳам қизғин ўтди. Тезкор фикрлаб, аниқ ҳаракат қилган Урганч туманлараро иқтисодий суди судьяси Нилуфар Аллаберганова 1-ўрин соҳибаси бўлди.
[gallery-26067]
– Судьялар фаолияти юксак масъулият ва доимий руҳий зўриқишни талаб этади, – дейди Урганч туманлараро иқтисодий суди судьяси Нилуфар Аллаберганова. – Шу боис уларнинг жисмоний ва руҳий соғломлигини сақлаш, иш қобилиятини ошириш ҳамда жамоада соғлом муҳитни таъминлаш муҳим аҳамият касб этади. Бунинг учун спорт ва соғлом турмуш тарзи энг самарали воситалардан бири ҳисобланади. Судьялар ва суд ходимлари ўртасидаги бу каби спорт тадбирлари нафақат уларнинг соғлигини мустаҳкамлайди, балки жамоадаги ўзаро ҳамжиҳатликни кучайтиради.
Тантанали тақдирлаш маросимида ғолибларга диплом, медаллар ва эсдалик совғалари топширилди.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА