Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Судья суд ишларини ОАВда профессионал даражада ёритилишига кўмак бериши зарур
07:40 / 2023-03-21

Очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, ёш судьяларни жамоатчилик билан ишлаш кўрникмаларини шакллантириш орқали ҳуқуқий тарғибот самарадорлигини ошириш мақсадида Тошкентда судьялар учун семинар ташкил этилди.

Маълумки, жамиятда ҳуқуқий маданиятни шакллантириш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланган. Бу жараёнда суд тизими вакиллари ҳам муносиб ҳисса қўшиши лозимлиги ўз-ўзидан маълум. Ҳуқуқий тарғиботни самарали амалга оширишда эса ОАВ ва ижтимоий тармоқларнинг ўрни беқиёсдир.

“Судьялар одоби кодекси”да судьяларнинг оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорлиги ва бунинг зарурияти алоҳида модда билан тартибга солинган. Чунки судлар фаолиятининг самарадорлиги жамиятнинг унга бўлган ишончига ва суд томонидан қабул қилинган қарорларнинг ҳуқуқий асосларини тўғри тушунишига боғлиқ.  

Шунинг учун ҳам судья оммавий ахборот воситалари вакиллари билан ҳамкорлик қилиши ҳамда суд ишларини оммавий ахборот воситаларида профессионал даражада ёритишга кўмак бериши зарур.  

Семинарда судьяларнинг жамоатчилик билан алоқалари,  бу жараёнда жорий этилган тартиблар, суд органларининг ижобий медиа қиёфасини  шакллантиришда эътибор қаратиш лозим бўлган жиҳатлар хусусида сўз юритилди.  

Шунингдек, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда судьялар фаолияти бўйича қонунга хилоф ва асоссиз эълон қилинган ҳар бир ҳолатга объектив ва тезкорлик билан муносабат билдириб боришнинг тартиблари ҳақида кенг тушунча берилди.

Судьялар олий кенгаши, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ҳамда “East-west management institute” НТТ Ўзбекистондаги филиалининг “Суд тизимини мустаҳкамлаш”  қўшма лойиҳаси ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур халқаро анжуман таниқли медиаэкспертлар, Судьялар олий кенгаши вакиллари ва иштирокчилар ўртасида интенсив мулоқот шаклида ўтказилди.

 

ЎзА