Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Судья мустақиллиги - суд мустақиллигининг муҳим шарти
12:11 / 2024-06-15

-

Адолат бу – давлатчиликнинг мустаҳкам пойдеворидир. Адолат ва қонун устуворлигини таъминлашда эса суд ҳокимияти ҳал қилувчи ўринни эгаллайди.

Шавкат Мирзиёев

Сўнгги йилларда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатли ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларни судларга ва шу орқали адолатга бўлган ишончини мустаҳкамлашга қаратилган ислоҳотлар изчил олиб борилмоқда.

Ўтган етти йил давомида суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ этиш ва унинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш борасида 50 га яқин қонун, фармон ва қарорлар қабул қилингани фикримизни тасдиқлайди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Янги ўзбекистонда судлар мустақиллигининг таъминланиши натижасида, 2019 йилда 3080 та, 2020 йилда 3434 та, 2021 йилда 5930 та, 2022 йилда 8453 та ва 2023 йилда 7362 та шахслар суд залидан озод этилган. Шунингдек, 2017-2023 йиллар давомида жами 5956 нафар шахс судлар томонидан оқланган. 

Тўғри, рақамларни келтириш осон. Бунга оддий ҳолат сифатида қарайдиганлар ҳам топилади. Суд кимнидир оқлабди деса, қўл силтаб қўядиганлар йўқ деб, ўйлайсизми? Бироқ, бундан атиги 7-8 йил муқаддам суд томонидан бирон бир шахс оқланса, бунга “фожиа” сифатида қаралган. Айрим мутасадди ташкилотлар “судьяни жазолаш тараддудига” тушиб қолгани ҳам бор гап. Ачинарли томони айбланувчини оқлаган судья камида интизомий жазога тортилган, ё “ўз аризасига” асосан ишдан кетган. Агар, ишда қолган тақдирда ҳам у “шубҳа” остида бўлган.

У даврлар ўтди. Замон ўзгарди. Одамларни судларга ишончи кундан кунга ортиб бормоқда. Авваллари, “ишни судгача битказ, бўлмаса қамаласан” деганлар, энди “терговчи нима деса-десин, ишни суд адолатли ҳал қилади”, деб айтишмоқда.

Албатта, булар шунчаки бўлаётгани йўқ. Мамлакатимиз Президентининг “Агар одамни энг катта қадрият қилиб юқорига қўймасак, биз хато қилаверамиз” деган кўрсатмасига асосан, судлар ҳам одамларга энг катта қадрият сифатида қарамоқда. Бунинг натижасида турли айбловлар билан ноҳақдан “қора курсига” ўтирганлар одил судлов томонидан оқланмоқда. Адолат - қарор топмоқда.

Биласиз ҳеч ким жиноятчи бўлиб туғилмайди. Аксинча, шахс дунёга келгач жиноятга мойил бўлиб боради. Демак, бу жамиятнинг маълум бир ҳосиласидир. Таъбир жоиз бўлса, жиноятчини ҳам жамият “тарбиялайди”. Буни барчамиз тушуниб етмоқдамиз. Жумладан судьялар ҳам. Шунинг учун “айблов курсида” ўтирган шахсга судлар аввало, уларни жиноятчи деб, эмас, балки аксинча, шу “жамиятнинг аъзоси, унинг ҳосиласи” сифатида қарамоқда. Жамиятда бегона инсон бўлмайди. Шу юртни яхшиси ҳам, ёмони ҳам бизники. Айтмоқчимизки, дунё ареналарида фан, таълим, спорт соҳасида катта ютуқларга эришиб, Ўзбекистон байроғини кўкларга кўтараётган ўғил-қизларимиздан қанчалик фахр туйғусини ҳис этаётган бўлсак, жиноят йўлига кирган ёшларга ҳам шунчалик қайғурмоғимиз керак.

Эсингизда бўлса, Президентимиз Тошкент вилояти, Олмалиқ шаҳри фаоллари билан учрашувда: “…биз халқнинг чидаганига сажда қилиб, таъзим қилиб, кечирим сўрашимиз керак. Бу юрагимдаги гаплар, уни биров ёзиб бера олмайди менга. Кечирим сўрашимиз керак, ҳали бизнинг ноинсофларга чидаганига…”, - деган эдилар. Бу гаплар замирида Президентимиз нимани назарда тутган эдилар? Халқимиз шу вақтга қадар нимага чидам келди? Бизнингча, адолатсизликка, ўзи бўларчиликка, мансабини суиистеъмол қилаётган порахўрларга, дардини эшитмаган мансабдорларни ўзи бўларчилигига деб, ўйлаймиз.

Жамиятимизда чуқур илдиз отган шу каби иллатлар, шунингдек адолат ва қонун устуворлигини таъминлашда суд ҳокимиятини алоҳида ўрни эътиборга олиниб, Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Мазкур Фармоннинг қабул қилиниши юқорида қайд этилган вазифаларни амалга оширишдаги муҳим қадамлардан бири бўлди ва соҳадаги давлат сиёсатини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарди.

Фармонга мувофиқ, номзодларни танлаш ва судьялик лавозимига тайинлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, судьяларнинг мазкур жараёндаги иштирокини кенгайтириш, юқори малакали судьялар корпусини шакллантириш учун масъул бўлган органнинг мақоми ҳамда ваколатларини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ташкил этилди.

Судьялар олий кенгашига судьялик лавозимларига малакали мутахассислар орасидан очиқ ва шаффоф танлов асосида судьялар корпусини шакллантириш, судьялар дахлсизлиги бузилишини ва уларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига аралашишларнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар кўриш, номзодлар ва судьяларнинг касбий тайёргарлигини ташкил этиш, аҳоли билан мулоқотни йўлга қўйиш вазифалари юклатилди.

Судьялар олий кенгашига Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Олий суди судьялари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари раисларидан ташқари барча судьяларни Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишилган ҳолда лавозимларга тайинлаш ва лавозимлардан озод этиш бўйича ваколатлар берилди.

Энг муҳими, судьяларни лавозимга тайинлаш институтини такомиллаштирилиши шунчаки сиёсат учун эмас, балки, жамиятда адолат ва қонун устуворлигини таъминлашнинг муҳим шарти сифатида қаралди. Суд ислоҳоти “судья мустақил бўлсагина, суд мустақил бўлади” деган, оддий тамойилга асосланди десак муболаға бўлмайди. Ўзи аслида ҳам шундай.

Ислоҳотлар самараси ўлароқ, судьялар олий кенгаши томонидан бугунги кунда Халқимиз кутаётган адолатли қарорлар қабул қилишга ҳар томонлама қодир, иродаси мустаҳкам, юксак касб ва маънавий фазилатларга эга бўлган суд ходимлари таркиби шакллантирилмоқда. Шу маънода ўз соҳасини яхши билмайдиган, пухта касб ва ҳаёт тажрибага, юксак маънавий-ахлоқий савияга эга бўлмаган, яна ҳам аниқроғи одамларни олий қадрият деб билмайдиган юрист кадрларни ҳеч қачон судья лавозимига тайинланмаслик чоралари кўрилмоқда.

Таъбир жоиз бўлса, ўтган қисқа даврда судьялар мустақиллигини таъминлаш мақсадида муҳим қадамлар ташланди. Масалан, халқаро тажриба инобатга олинган ҳолда судьялик лавозимига биринчи маротаба беш йил муддатга ва кейин ўн йил муддатга, шундан сўнг муддатсиз даврга тайинлаш (сайлаш)ни назарда тутувчи тартиб жорий қилинди. Бу билан аввалгидек, судьялик муддати тугаган судьяни қайсидир идорани тавсиясини олиш, кимнингдир қош-қабоғига қарашига ҳожат қолмади.

Судьяни навбатдаги судьялик лавозимига тавсия этиш билан боғлиқ масалани кўриб чиқиш холис орган Судьялар олий кенгаши ихтиёрига берилди. Судьяни судьялик лавозимга лойиқ ёки лойиқ эмаслигига оид масалани судьяларнинг олий ҳамжамияти ҳал этадиган бўлди. Судьянинг мустақиллиги учун бу амалиёт жуда муҳимдир.

Шунингдек, судьяларни моддий ва ижтимоий ҳимояси масалалари қайта кўриб чиқилди. Чунки, судьяни кимгадир моддий жиҳатдан тобе қилиб, ундан адолатли қарор қабул қилишни талаб қилиш бу ўта кулгили ҳолат бўлар эди. Айнан шунинг учун ҳам давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари билан судьяни моддий мустақиллигини таъминлаш борасида катта ислоҳотлар қилинди.

Яна бир муҳим масала. Судьялик лавозимига қўйиладиган талабларга асосан ўттиз беш ёшга тўлган, олий юридик маълумотга эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси судьялик лавозимига номзод бўлиши мумкинлиги белгиланди. Яъни, судьянинг ёш цензи қатъий белгилаб қўйилди. Бунинг аҳамият шундаки, эртага кимнидир қилмиши учун жазо тайинлайдиган шахс ўзи ҳам маълум маънода ҳаёт тажрибасига эга бўлиши мумкин деган қатъий тўхтамга келинди.

Худди шунингдек, ўттиз беш ёшга тўлган ва юридик ихтисослик бўйича камида етти йиллик иш стажига эга бўлган шахс туманлараро, туман, шаҳар судининг, ҳудудий ҳарбий суднинг судьяси бўлиши ҳамда юридик ихтисослик бўйича камида ўн беш йиллик иш стажига, шу жумладан, қоида тариқасида, судья сифатида камида етти йиллик иш стажига эга бўлган шахс Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси бўлиши мумкинлиги белгиланган. Демак, Олий суд судьяси бўлиш учун қоида тариқасида номзоднинг ёши камда 42 да бўлиши талаб этилади.

Шу ўринда ҳақли савол туғилади. Конституциявий суднинг судьяси лавозимига номзодга қўйилган талабларда унинг ёш цензи белгиланган ва бу 35 ёш этиб белгиланган. Кўриниб турибдики, Олий суд судьяси лавозимига сайланадиган номзод амалдаги тартиб-қоидаларга кўра 42 ёшда бўлади. Конституциявий судга сайланадиган судья эса 35 ёш. Бизнингча, Конституциявий суд судьяси лавозимига номзодга қўйиладиган ёш цензи талабини келгусида кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ бўлади. Биз амалиётни таҳлил қилган ҳолда Конституциявий суд судьялигига номозоднинг ёш Олий суд судьяси сайланадиган судьянинг ёшидан кам бўлмаслигини таклиф қилган бўлар эдик.

Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизда олиб борилаётган суд ислоҳотларининг асосий мақсади инсон қадрини улуғлаш ва Президентимиз таъбири билан айтганда одамни энг катта қадрият қилиб юқорига қўйиш экан, аввало судьялар мустақиллигини таъминлаш ва судьялик лавозимига номзодларни танлаш институтини янада такомиллаштириш талаб этилади. Бўлмаса, жамиятда адолатсизликларга ва инсон ҳуқуқларини таъминлашда хатоликларга йўл қўяверишимиз мумкин.

АБДУМАННОБ РАХИМОВ,

Ўзбекистон Республикаси

Конституциявий суди

судьяси