Маълумотга кўра, халқаро аҳамиятга эга сувда сузувчи қушлар яшайдиган сувли-ботқоқ жойлар тўғрисидаги конвенция – Рамсар конвенцияси 1971 йил 2 февраль куни Эроннинг Рамсар шаҳрида қабул қилинган. Экология тизимининг бир турига бағишланган ушбу илк глобал халқаро шартномага аъзо 170 давлат ҳудудида халқаро аҳамиятга молик 2307 сув-ботқоқ манзил мавжуд.
Судоче кўлида 24 хил балиқ, 230 (118 гидрофил) тур қуш бўлиб, шундан 24 тур Халқаро Қизил китобга (12 тур) ва Ўзбекистон Қизил китобига киритилган. Бундан ташқари, кўлда мавжуд 30 хил сут эмизувчидан 2 тури Ўзбекистон Қизил китобига ва 3 тури Халқаро Қизил китобга киритилган.

Баҳор-куз оралиғида сув қушларининг оммавий тўпланиш жойи сифатида муҳим аҳамият касб этадиган мазкур сув ҳавзасида баҳорги миграция даврида қушлар сони 100 мингдан ошади.
Судоче кўли Ўзбекистоннинг Рамсар конвенциясига киритилган 4-объектидир. Бунга қадар Денгизкўл 2001 йил, Айдар-Арнасой кўллар тизими 2008 йил, Тўдакўл ва Қуйимозор сув омборлари 2020 йил ушбу рўйхатдан жой олган.
Мамлакатимизнинг БМТ ҳузуридаги доимий ваколатхонаси кўмагида Швейцарияга уюштирилган расмий ташриф доирасида Женевада Судоче кўлини халқаро аҳамиятга эга сувда сузувчи қушлар яшайдиган сувли-ботқоқ жойлар тўғрисидаги Рамсар конвенцияси рўйхатига киритиш маросими бўлиб ўтди.
Тегишли сертификат Конвенция бош котиби Мусонда Мумба томонидан табиат ресурслари вазири Азиз Абдуҳакимовга топширилди.

А.Абдуҳакимов сув қушларининг кўчманчи турларини сақлашда сув-ботқоқ ерлар беқиёс ўрин тутиши, бундай ҳудудлар карбонат ангидридни ўзига сингдириб, иқлим ўзгариши оқибатини юмшатиши, шунингдек, экология туризмини ривожлантиришда улкан салоҳиятга эгалигини таъкидлади.
Бош котиб делегациямиз томонидан билдирилган Рамсар объектларини сақлаш бўйича стратегия ишлаб чиқиш ташаббусини қўллаб-қувватлади ва ҳамкорликка тайёрлигини билдирди.
Учрашув якунида Мусонда Мумба Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган БМТнинг уч йирик тадбири – чўлланиш бўйича глобал тадбир – 21-йиғилиш, Ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини сақлаб қолишга доир конвенциянинг 14-томонлар конференцияси ва Бутунжаҳон туризм ташкилоти Бош Ассамблеяси 25-сессиясига таклиф этилди.
ЎзА