Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Суднинг мустақиллиги кафолатланмаган бўлса, адолат фақат қоғозда қолиб кетади
10:26 / 2025-07-04

Маълум бир сабаблар билан ҳақ-ҳуқуқи поймол қилинган, турли адолатсизликлар туфайли жабр чеккан фуқароларнинг ҳақиқат излаб борадиган, кафолатли ҳимоя топадиган ягона маскани суд ҳисобланади. Чунки мазкур институционал тизим фақат даъвони кўриб чиқадиган орган эмас, балки инсон қадри, қонун нуфузи ва халқнинг давлатга бўлган ишончини мустаҳкамловчи асосий механизмдир. Унга оид ҳар бир қарор фақатгина бир шахснинг тақдирига эмас, балки жамиятдаги барқарорлик, қонун устуворлиги ва ижтимоий ишонч муҳитига бевосита таъсир кўрсатади. Агар суд мустақил бўлса, қонуннинг нуфузи юқори бўлади, фуқаро ўзини давлат олдида ҳуқуқий субъект сифатида ҳис этади. Аммо суднинг мустақиллиги кафолатланмаган бўлса, ҳатто энг пухта ёзилган қонун ҳам амалда иш бермай, адолат фақат қоғозда қолиб кетади.

Аҳамиятлиси шундаки, бугунги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган янги босқичдаги ислоҳотлар жараёнида қонун устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини кафолатлаш борасида суд тизимини қайта кўриб чиқиш, унинг чинакам мустақиллигига эришиш масаласи марказий ўринга чиқди. Бу жараёнда суд органларининг ҳар қандай ташқи ва ички таъсирдан холи, фақат қонун ва виждон асосида иш олиб бориши, судьяларнинг холис, сиёсий таъсирлардан мутлақо узоқ ҳолда профессионал қарорлар қабул қилиши нафақат адолатли судловнинг, балки фуқаро-давлат муносабатларидаги ишончнинг ҳам муҳим кафолатига айланмоқда. 

Айни шу долзарб масалаларни муҳокама қилиш, назария ва амалиётдаги муаммо ва ечимларни илмий-ҳуқуқий жиҳатдан таҳлил этиш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси ҳамда Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳамкорлигида “Суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш: назария ва амалиёт” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

“Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Робахон Маҳмудова, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ўринбосари Шуҳрат Полвонов, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси ҳамда Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси аъзолари, суд-ҳуқуқ соҳаси вакиллари иштирок этган тадбир давомида судьяларнинг ҳуқуқий мақоми ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдаги тизимли ёндашувлар, суд тизимидаги ташкилий ва институционал ислоҳотлар, жумладан, “Ўзбекистон Республикасидаги судьялар ҳамжамияти органлари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳамда “Судьялар малака ҳайъатлари тўғрисида”ги низом лойиҳаси мазмун-моҳияти қизғин муҳокама қилинди.

Учрашувда сўзга чиққан Сиёсий Кенгаш раиси судьянинг зиммасида инсон тақдири, жамиятда адолатга бўлган ишонч муҳитини белгилайдиган қарорлар қабул қилишдек улкан масъулият борлигига алоҳида урғу бераркан, буни чуқур ҳис этиш, вазиятга холис баҳо бериш, ҳар икки томонни диққат билан эшитиш ва адолат мезонидан чекинмаган ҳолда тўғри хулоса чиқариш – чинакам судьянинг асосий фаолият мезони бўлиши кераклигини таъкидлади. Бу борада тарихий мисолларга мурожаат қилиб, Темурийлар даврида суд ишларини амалга оширган қозилар – ўз даврининг энг билимдон, ҳалол ва нуфузли шахслари бўлганини, уларнинг инсоф ва адолат билан чиқарган қарорлари халқнинг суд тизимига бўлган ишончини юксак даражада оширганини эслатиб ўтди. 

Маълум қилинганидек, суд тизимида сўнгги йилларда амалга оширилган ўзгаришлар орасида энг муҳимларидан бири — судья мустақиллигини ҳуқуқий кафолатлар билан мустаҳкамлаш бўлди. Конституциянинг 136-моддасида судьялар фақат қонун ва виждонга бўйсунган ҳолда иш юритиши, уларнинг фаолиятига аралашиш тақиқлангани ва бундай аралашув учун жавобгарлик белгилангани суд ҳокимияти мустақиллигининг аниқ қонуний асосини шакллантирди. Шунингдек, судларга босим ўтказиш, уларнинг иш фаолиятига ноқонуний аралашиш ҳолатларининг олдини олиш учун маъмурий ва ҳатто жиноий жавобгарликни назарда тутувчи ҳуқуқий механизмлар ишлаб чиқилди. Бу эса судьяларнинг ўз фаолиятини хавотирсиз, холис ва адолатли амалга оширишига хизмат қилади.

– Эътибор қаратиш лозим бўлган жиҳатлардан яна бири шундаки, янги конституцион нормаларга кўра, давлат судьялар ва уларнинг оила аъзоларининг хавфсизлигини таъминлаш мажбуриятини зиммасига олди. Судьялар самарали ишлаши учун уларга жисмоний хавфсизлик, психологик барқарорлик ва ташкилий эркинлик кафолатланган бўлиши шартлиги белгиланди. Амалиётда учраган таҳдидлар, босимлар ва хавф-хатарлар бугунги кунда жиддий эътиборга олинмоқда. Шу ўринда партиямиз Сайловолди дастурида ҳам адолатли ва мустақил суд тизимини шакллантириш устувор вазифалардан бири сифатида белгилангани, ҳозирда “Судьялар мақоми тўғрисида”ги қонун лойиҳаси устидаги ишлар амалга оширилаётганини алоҳида қайд этмоқчиман. Биз бу ҳужжатни қонунчиликка киритиш орқали судьянинг ҳуқуқий мақоми, кафолатлари, иш юкламасини оптималлаштириш ва самарадорлик мезонларини белгилашни мақсад қилганмиз, – деди Робахон Маҳмудова. 

Шунингдек, давра суҳбатида Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Зуҳриддин Мавлонов ҳам сўзга чиқиб, суд тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган бир қатор муҳим таклифларни илгари сурди. Жумладан, “Судьялар мақоми тўғрисида”ги қонунни қабул қилишнинг бугунги куднаги зарурати, судьяларнинг ҳуқуқий мақоми, моддий ва ижтимоий кафолатлари, уларни тайинлаш ва лавозимдан озод этиш, интизомий жавобгарлик тартиби аниқ белгилаб қўйилиши бўйича ўз фикрларини билдирди. Депутат фикрича, бу орқали судьянинг дахлсизлиги ва фаолиятига аралашиш ҳолатлари учун жавобгарликни янада мустаҳкамлаш имконияти бор. 

Шу билан бирга, судлов жараёнларида замонавий технологияларни татбиқ этиш муҳимлиги, бу борада сунъий интеллектдан фойдаланиш орқали ҳужжатлар таҳлили, ҳуқуқий прецедентларни топиш ва иш юкламасини енгиллаштириш мумкинлиги қайд этилди. Судьялар ва суд ходимларининг меҳнатини қадрлаш, уларнинг касбий нуфузини ошириш мақсадида мамлакатимизда алоҳида “Судьялар ва суд ходимлари куни”ни белгилаш таклифи ҳам илгари сурилди. Бу эса нафақат судьяларнинг фидокорона хизматини кенг миқёсда эътироф этиш, балки жамиятда қонун устуворлигини таъминлаётган тизим вакилларига бўлган ҳурмат ва ишончни мустаҳкамлашга ёрдам беради. Бундай амалиёт Бразилия, Украина, Қозоғистон, Россия каби қатор давлатларда жорий этилгани таъкидланди. 

Тадбир сўнгида суд-ҳуқуқ соҳасида фаолият юритаётган мутахассислар, депутатлар ҳамда ҳуқуқшунослар судьяларнинг иш юкламаси, ёш кадрлар тайёрлаш, ҳудудларда кадрлар барқарорлиги, суд фаолиятига четдан аралашув ҳолатларини бартараф этиш, суд қарорлари ижроси билан боғлиқ ҳолатлар бўйича фикрлар алмашишди. 

Н.Насриев,

ЎзА