Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ишлари бўйича судлари томонидан 2025 йилнинг биринчи ярмида одил судловни амалга ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларининг суд орқали ҳимоя қилинишини таъминлаш, суд амалиётини умумлаштириш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришда тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш борасида бир қатор ишлар амалга оширилди.
Хусусан, ўтган олти ой давомида Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ишлари бўйича судларининг иш юритувида биринчи инстанция тартибида жами 14 519 та фуқаролик иши бўлиб, шундан судлар томонидан 11 минг 463 та иш кўриб чиқилган. Уларнинг умумий сони ўтган йилга нисбатан 24,7 фоизга кўпайиб, 3 минг 56 та фуқаролик иши кейинги чоракка қолдиқ бўлиб ўтган. Буйруқ тартибида жами 28 минг 287 та ариза бўйича суд буйруғи чиқарилган бўлиб, уларнинг сони ўтган йилга нисбатан 9 минг 944 тага кўпайган.
Кўриб тамомланган 11 минг 463 та ишдан 9 минг 284 та иш бўйича ҳал қилув қарори чиқарилиб, шундан 8 минг 609 та иш бўйича даъво ариза қаноатлантирилган, 675 та иш бўйича даъво аризаси қаноатлантирилмасдан қолдирилган. Шунингдек 263 та иш юритувдан қисқартирилган, 1916 та ариза кўрилмасдан қолдирилган.
Шуни алоҳида таъкидлашимиз керакки, судларнинг очиқлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқий онгини юксалтириш мақсадида, 2025 йилнинг биринчи ярми давомида судлар томонидан профилактик ва тарбиявий аҳамиятга эга 532 та иш сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилган. Суд томонидан ишни кўриш давомида аниқланган қонун бузилишларни бартараф этиш ва олдини олиш мақсадида, ўтган олти ой ичида корхона, муассаса, ташкилотларга нисбатан 77 та хусусий ажрим чиқарилиб, ҳисобот даврида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга жиноят аломатлари бўлиши мумкинлиги ҳақида 15 та хабарнома берилган.
2025 йилнинг 1 ярим йиллигида кўриб тамомланган 11 минг 463 та фуқаролик ишидан 430 таси бўйича, яъни 3,8 фоиз ишга суд қарори устидан шикоят келтирилган бўлиб, қолган 96,2 фоиз ишга суд қарори устидан шикоят берилмаган. Апелляция, кассация, тафтиш инстанцияларида жами 634 та иш кўрилган.
Аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш мақсадида, ҳисобот даврида судлар томонидан 171 марта оммавий ахборот воситалари орқали чиқишлар амалга оширилиб, 123 марта учрашув ва семинар ўтказилди.
Судларга ҳисобот даврида жами 1 минг 96 та мурожаат келиб тушиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан улар сони 438 тага камайган. Келиб тушган мурожаатлардан 93 таси қаноатлантирилиб, 975 та мурожаат бўйича тегишли тартибда тушунтириш берилди.
Мухтасар айтганда, судлар томонидан одил судловни амалга ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатлари суд орқали ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш борасидаги ишлар янада изчил давом эттирилади.
А.Керимбаев,
Қорақалпоғистон Республикаси судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси.
ЎзА