Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Судларда шаън, қадр-қиммат ва ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш бўйича кўрилаётган ишлар сони кўпайган
13:10 / 2026-01-21

Судларнинг энг муҳим вазифаларидан бири – шахснинг ҳуқуқларини суд орқали самарали ҳимоя қилишни таъминлаш. Ахборот технологиялари, ижтимоий тармоқлар ва аноним алоқа тармоқларининг шиддатли ривожланиши бу соҳада янги муаммоларни келтириб чиқармоқда.

Бу муаммога қарши қандай курашиш керак? Олий суд жамоатчилик билан алоқалар маркази бошлиғи Азиз Обидов шу саволга жавоб берди: 

– Ахборот технологиялари ривожи бир томондан қулайлик яратган бўлса, иккинчи томондан суд ишларини янада мураккаблаштириб, соҳа вакилларига алоҳида масъулият юкламоқда. 

Статистик маълумотларга қараганда, судлар томонидан шаън, қадр-қиммат ва ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш бўйича кўрилаётган ишлар сони йилдан-йилга кўпайиб бормоқда. 

2025 йил 24 ноябрда қабул қилинган Олий суд пленумининг “Судлар томонидан шахсий номулкий ҳуқуқлар ва бошқа номоддий неъматларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчиликни қўллаш амалиёти ҳақида”ги қарори инсон ҳуқуқини ҳимоя қилиш масаласига доир қонунчиликни судлар томонидан тўғри қўлланилишини таъминлашга хизмат қилмоқда. 

Янги пленум қарорида биринчи марта шахсий номулкий ҳуқуқлар объектларининг кенгайтирилган тушунчаси шакллантирилган. Бу тушунча нафақат шахснинг шаъни, қадр-қиммат ва ишчанлик обрўсини, балки шахсий ҳаёт дахлсизлиги, шахсий ва оилавий сир, исмга бўлган ҳуқуқ, тасвирга бўлган ҳуқуқ ҳамда инсонга туғилганидан ёки қонунга кўра, тегишли бўлган бошқа номоддий неъматлар каби замонавий тоифаларни ҳам ўз ичига олган.

Хусусан, фуқаронинг шахсий номулкий ҳуқуқлари бузилиши мулкий оқибатларга олиб келишидан қатъи назар, суд орқали ҳимоя қилиниши лозим. Қарорнинг 2-бандида бундай шахсий номулкий ҳуқуқлар ва бошқа номоддий неъматлар тушунчаси ёритилиб, кейинги бандларида ҳар битта асос бўйича алоҳида тушунтиришлар берилган. 

Қарорнинг 4-бандида суд ҳимоясининг шакли ва усули тушунтирилган. 8-бандда судларнинг эътибори ҳаёт ва соғлиққа бўлган ҳуқуқ Конституция, фуқаролик қонунчилиги, жиноий ва маъмурий қонунчилик, шунингдек, халқаро шартномалар билан ҳимояланадиган асосий ва мутлақ шахсий номулкий ҳуқуқлар сирасига кириши кўрсатилган. 

Бу ҳуқуқнинг бузилиши зўравонлик, ўз жонига қасд қилишга ундаш, тан жароҳати етказиш каби фаол ғайриқонуний ҳаракатлар шаклида, соғлиққа зарар етказилишига олиб келган ғайриқонуний ҳаракатсизлик, масалан, тиббий ёрдам кўрсатишни рад этиш шаклида ҳам намоён бўлиши мумкин. Мазкур ҳуқуқни ҳимоя қилиш моддий ва маънавий зарар учун жавобгарлик юклаш, аралашувнинг қонунга хилофлигини тан олиш, шунингдек, бузилган ҳуқуқни тиклашга қаратилган бошқа чораларни қўллаш орқали таъминланади. 

Бунда, ҳаракатлар билан етказилган салбий оқибатлар ўртасидаги сабабий боғланиш бор-йўқлиги аниқланиши шартлигига қаратилган.

Шунингдек, хусусий ва оилавий сирга бўлган ҳуқуқ шахсий муносабатлар ҳақидаги махфий маълумотларни, жумладан, никоҳ, фарзандлар, фарзандликка олиш, тиббий ва фуқаро ҳаётининг шахсий соҳасини ташкил этувчи бошқа ҳолатлар тўғрисидаги ахборотларни ҳимоя қилишни ўз ичига олади. Бундай аралашувга фақат қонун асосида ёки шахснинг ихтиёрий равишда берган розилиги билангина йўл қўйилади.

Қарорнинг 10-бандида биринчидан, шахснинг розилигисиз ёки бундай розилик берилган мақсадлардан ташқари кўрсатилган маълумотларни ноқонуний йиғиш, тарқатиш, эълон қилиш ёки улардан фойдаланиш – ҳуқуқни бузиш, деб тан олиниши баён этилган. Иккинчидан, болалар ва оилавий муносабатлар ҳақидаги маълумотларнинг ошкор этилиши – шаън, қадр-қиммат, обрў ва бошқа шахсий ҳуқуқларга жиддий зарар етказиш, деб баҳоланиши, учинчидан, бундай маълумотлар алоҳида ҳимоя қилиниши лозимлиги ҳақида тушунтиришлар берилган. 

Пленум қарорида ахборот-коммуникация маконидаги қоидабузарликлар, хусусан, шахсий номулкий ҳуқуқларнинг ижтимоий тармоқлар, мессенжерлар, платформалар ва блоглар орқали маълумотларни тарқатиш йўли билан бузилишига оид суд ҳимоясининг энг муҳим жиҳатлари қамраб олинган.

12-бандда шахс қадр-қиммати ва шахсий ҳаёт дахлсизлиги билан узвий боғлиқ бўлган энг муҳим шахсий номулкий ҳуқуқ сифатида тасвирга бўлган ҳуқуқни ҳимоя қилишга замонавий ёндашув акс эттирилган. 

Ушбу бандда қонунда тўғридан-тўғри кўрсатилган ҳоллардан ташқари, инсон тасвиридан – у фотосурат, видео, рақамли модель ёки бошқа визуал кўриниш бўлишидан қатъи назар, фойдаланиш фақат ўша шахснинг розилиги билан амалга оширилиши мумкинлиги таъкидланган. 

Айни пайтда суд ҳимояси шакллари изчил тарзда тушунтирилган бўлиб, улар ҳаракатларни қонунга хилоф, деб топиш, тасвирларни ўчириш ёки блоклаш, улардан кейинчалик фойдаланишни ман этиш, шунингдек, моддий ва маънавий зарарни қоплашни ўз ичига олади.

Мухтасар айтганда, долзарб масалага бағишланган ушбу пленум қарори судлар фаолияти учун ўта муҳим аҳамият касб этди. Унда берилган тушунтиришлар нафақат судлар, балки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолияти самарадорлигини оширишга ва шаффофлигини таъминлашга хизмат қилади.

Норгул Абдураимова,

ЎзА