Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Судларда самарадорлик кўрсаткичлари қандай оширилади?
16:09 / 2026-01-29

“Ўзбекистон - 2030” стратегиясида судлар фаолияти учун қандай муҳим самарадорлик кўрсаткичлари белгиланмоқда? Олий суд раисининг ўринбосари Малика Қаландарова шу ҳақда гапириб берди:

– Янгиланаётган стратегияда судлар фаолиятини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, судлар фаолиятида айрим процессуал ҳаракатларни масофадан туриб амалга ошириш имкониятлари янада оширилади.  

Судларда ишларни судга қадар ҳал этиш имкониятлари ҳам янада оширилади. Хусусан, жиноят иши юритувида ярашув институтидан фойдаланиш кенгайтирилади.  

Маъмурий, иқтисодий ва фуқаролик ишлари бўйича судларда ишлар келиштириш чоралари – медиация ёки келишув битимига эришиш орқали ҳал этилиш даражаси оширилади.  

Маъмурий ва бошқа судларда эса судга қадар дастлабки эшитув ўтказиш имкониятларидан фойдаланган ҳолда низо ва келишмовчиликларга барвақт ечим топилишига эришилади.  

Жиноят қонунчилигида жазо тури сифатида озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган санкциялар сони қисқартириб борилади.  

Маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид ишларда маъмурий орган қарори устидан судларга шикоят бериш жараёнларида аҳолининг рақамли имкониятлардан фойдаланиш даражаси янада оширилади.  Фуқароларга одил судловга эришишда қулай имкониятлар яратиш мақсадида янги интерактив хизматлар сони кўпайтирилади.  

Адвокатуранинг янада кучайиши ва аҳолининг малакали ҳуқуқий ёрдамдан фойдаланишини таъминлаш борасида адвокатларнинг барча йўналишлар бўйича судларда электрон ахборот алмашинув имкониятларидан фойдаланиш даражаси янада оширилади.  

Судларнинг самарадорлик кўрсаткичларига эътибор қаратилади. Албатта, бу ерда гап судлар учун бирор мажбурий талаб белгилаш орқали суд амалиётини яхшилаш ҳақида бормаяпти, балки одил судлов соҳасидаги ҳуқуқий ислоҳотларнинг янги йўналишлари, мақсадлари ва уларни амалга ошириш босқичларини белгилаб, аниқлаб олиш ҳақида бормоқда.

Айтиб ўтиш керакки, “Ўзбекистон - 2030” стратегияси доирасида суд соҳасида ўтган йиллар давомида муҳим ислоҳотлар амалга оширилди. “Хабеас корпус” институтини янада кенг татбиқ этиш мақсадида 2025 йил 1 январдан тергов судьялари институти  амалиётга жорий этилди. Судлар томонидан қабул қилинаётган оқлов ҳукмлари сони ортди.  

“Оила судьялари” ташкил этилди. Процессуал қонун ҳужжатларида электрон (рақамли) далил тушунчаси, электрон далилларни аниқлаш, тўплаш, тақдим қилиш, текшириш, баҳо бериш, қайд этиш, сақлаш тартиблари ҳамда бу жараён иштирокчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилашга оид масалалар тартибга солинди.

Давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш ҳамда маъмурий адлия тизимини янада ривожлантириш доирасида низоларни судгача ҳал қилиш имкониятлари оширилди. Суд тизимида “ягона дарча” принципи кенг жорий этилди.  

Эътиборлиси, кейинги икки йилда судлардаги 13 мингдан ортиқ иш тарафлар ўртасида медиатив келишув тузиш орқали якунланиб, фуқаро ва тадбиркорлик субъектларининг ортиқча вақт ва сарф-харажатларининг олди олинди.  

Судьялар ўртасида ишларни инсон омилисиз, автоматик равишда тақсимлаш, судларга электрон мурожаат ва суд ҳужжатларини тарафларга электрон шаклда юбориш, суд мажлисларини аудиоёзувда қайд этиб бориш, суд қарорларини Интернет тармоғида эълон қилиш, суд мажлисларида масофадан туриб иштирок этиш имкониятини кенгайтириш каби замонавий ёндашувлар натижасида одил судлов самарадорлигига эришилмоқда.

Судларнинг ахборот тизими билан вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимлари ўртасида маълумотларни электрон шаклда олиш тартиби амалиётга жорий этилиб, улар билан маълумотлар алмашинуви рақамли шаклга ўтказилди.

Одил судлов соҳасини рақамлаштириш борасидаги ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида Президентимизнинг 2025 йил 21 августдаги “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.

Шу асосда 2025 йил якунига қадар тажриба тариқасида Тошкент шаҳрида “Рақамли суд” концепцияси асосида иқтисодий, фуқаролик ва маъмурий низоларни кўришга мўлжалланган суд мажлиси заллари ташкил этилади.  

Одил судлов жараёнларига сунъий интеллект технологиялари кенг жорий қилиниб, аҳолига қўшимча қулайликлар яратилади.

Ҳозирда Олий суднинг ахборот тизимлари ва “Ҳуқуқий ёрдам” ахборот тизими ўртасида интеграция амалга оширилиб, электрон ахборот алмашинув имкониятлари яратилган. Адвокатлар барча йўналишлар бўйича судларга ўз мурожаатларини рақамли имкониятлардан фойдаланган ҳолда амалга оширмоқда.

Келгусида ушбу яратилган электрон ахборот алмашинув имкониятларидан фойдаланиш даражасини янада кенгайтириш ва рақамли қулайликларни соҳага янада кенг жорий этиш борасида ислоҳотлар давом эттирилади.

Стратегияда белгилаб берилаётган мақсадлар ва кўрсаткичлар аниқ. Шу билан бирга, 2026 йилда амалга ошириш бўйича ҳам аниқ вазифалар белгиланмоқда.

Бу каби чораларнинг сифатли амалга оширилиши жамиятимизда қонун устуворлиги ва ижтимоий адолатни таъминлаш, одил сулов самарадорлигини оширишга хизмат қилади.  

Норгул Абдураимова, ЎзА