Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Судларда қарз ундириш билан боғлиқ ишлар сони ортмоқда
13:24 / 2023-03-28

Ҳуқуқий демократик давлатда фуқаролар ўртасидаги барча муносабатлар қонун билан тартибга солинади. Масалан, қарз муносабатларининг ҳам ҳуқуқий асослари мавжуд, унга амал қилиш эса турли низоларнинг олдини олади.

– Бироқ, қарз ундириш билан боғлиқ ишларга оид статистик маълумотлар таҳлили судлар амалиётида айнан шу тоифадаги низолар сони йил сайин ортиб бораётганини кўрсатмоқда, – деди Олий суд ахборот хизмати раҳбари Азиз Обидов. – 2020 йилда фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан қарз ундириш билан боғлиқ жами 11 минг 105 иш кўрилган бўлса, бу кўрсаткич 2021 йилда 26 минг 66 тани, 2022 йилда эса 29 минг 796 тани ташкил этган.  

Демак, бу борада юртдошларимизнинг ҳуқуқий хабардорлигини оширишимиз зарур. Шу ўринда ҳақли савол туғилади: хўш, қарз муносабатлари ҳуқуқий жиҳатдан қандай тартибга солинади ва қарз шартномаси қандай тузилади?  

Қарз шартномаси мулк ҳуқуқи бир шахсдан иккинчи шахсга ўтадиган шартномалар туркумига киради. У ўзининг тузилиши жиҳатидан бошқа битимлардан ажралиб туради.  

Фуқаролик кодексининг 732-моддасига кўра, қарз шартномаси ҳам мажбуриятнинг бир тури бўлиб, фуқаролик муомаласида кенг тарқалган ҳуқуқий институтлардан бири ҳисобланади.  

Қарз шартномасига асосан бир тараф – қарз берувчи иккинчи тараф – қарз олувчига пул ёки ашёларни мулк қилиб беради. Қарз олувчи эса, қарз берувчига бир йўла ёки бўлиб-бўлиб, ўша пул ёки ашёларни қайтариб бериш мажбуриятини олади.  

Натижада пул маблағи ёки ашё бир шахсдан иккинчи шахсга ўтади. Бунда ҳар икки тарафнинг ҳам ҳуқуқ ва бурчлари вужудга келади.  

Қарз шартномаси икки тарафлама битимдир. Агар фуқаролар ўртасида бу қарзнинг суммаси энг кам иш ҳақининг ўн баробаридан ортиқ бўлса, оддий ёзма шаклда тузилиши, шартномадаги тарафлардан бири юридик шахс бўлганида эса, қарз суммасидан қатъи назар, ёзма шаклда тузилиши шарт.  

Қарз шартномасининг ёзма шаклига риоя қилмаслик унинг ҳақиқий эмаслигига олиб келмайди. Лекин тарафлар ўртасида қарз бўйича низо келиб чиқса, унинг тузилгани ва бажарилганини гувоҳлар орқали тасдиқлаш ҳуқуқидан маҳрум қилади.  

Тарафлар қарз шартномасини тузаётган вақтда шартнома бўйича фоизларни ҳам ўзаро келишув асосида белгилаб олишга ҳақли.  

Қарз шартномасида фоиз белгиланмагани қарз берувчини фоизларни ҳам қўшган ҳолда қарзни қайтаришни талаб қилиш ҳуқуқидан маҳрум қилмайди.  

Агар қарз олувчи қарз берувчининг пул маблағини белгиланган вақтда қайтармаса ва шартномада фоиз тўлаш назарда тутилмаган бўлса, Фуқаролик кодексининг 327-моддаси талабига кўра, қарздор қарз берувчи яшаётган жойда, агар қарз берувчи юридик шахс бўлса, у жойлашган ерда мавжуд банк фоиз ставкалари асосида белгиланган фоизларни тўлашга мажбур.  

Агар қарз суммасини қайтариш муддати шартномада белгиланган бўлмаса, қарз олувчи уни қарз берувчи қарзни қайтариш ҳақида талаб қўйган кундан бошлаб ўттиз кун мобайнида қайтариши керак.  

Қарз олувчи томонидан қарз шартномаси бузилган тақдирда, шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, шартнома мажбуриятини бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун фоизлар ундирилади. Шу билан бирга, қарз берувчи қарз суммасини қайтариб беришни талаб қилиб олишга ҳақли.  

Агар қарз шартномаси алдаш, зўрлик ишлатиш, таҳдид қилиш, қарз олувчининг вакили қарз берувчи билан ёмон ниятда келишиши ёки қийин вазиятлар таъсирида тузилган ҳолларда тарафлар ёки манфаатдор шахслар, гувоҳларнинг кўрсатмалари асосида ҳақиқий ҳолатни тасдиқлаши мумкин бўлади.  

Хулоса қилиб айтганда, ҳаётда қонун талабига қатъий риоя этиш турли нохуш ҳолатлар, низоларнинг олдини олади.  

 

Н.Абдураимова, ЎзА