Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Судларда оқланган шахслар сони 2 минг 360 нафарга етган
16:34 / 2020-07-21

9 минг 193 асоссиз айблов судланувчиларнинг зиммасидан чиқарилган

9 минг 193 асоссиз айблов судланувчиларнинг зиммасидан чиқарилган

Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан судлар фаолиятига бағишланган брифинг ташкил этилди.

Анжуманда тизимда амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.

Олий суд раисининг ўринбосари, жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Муслим Икромовнинг қайд этишича, жиноят судлари томонидан 2020 йилнинг биринчи ярмида 17 минг 251 нафар шахсга нисбатан 13 минг 991 жиноят иши кўриб чиқилган. Шундан 3 минг 374 жиноят иши тарафларнинг ярашганлиги муносабати билан тугатилиб, 3 минг 535 нафар шахс жиноий жавобгарликдан озод қилинган.

Ярашувга оид қонуний меъёр амалга киритилган 2001 йил 18 октябрдан ҳозирги кунга қадар 226 минг 863 нафар шахс жиноий жавобгарликдан озод қилинган.

Жорий йил биринчи ярмида 256 иш бўйича 371 нафар шахс оқланган ёки ишлар реабилитация асосларида тугатилган. 2017 йилдан 2020 йил 30 июнга қадар эса судлар томонидан жами 2 минг 360 нафар шахсга нисбатан оқлов ҳукмлари чиқарилган ёки жиноят ишларини реабилитация асосларида тугатиш тўғрисида қарорлар қабул қилинган.

Ўтган олти ойда 550 иш бўйича 1 минг 111 асоссиз айблов судланувчиларнинг зиммасидан чиқарилган. 2017-2020 йилнинг 6 ойи давомида судлар томонидан 9 минг 193 та асоссиз айблов судланувчиларнинг зиммасидан чиқарилган.

Судланганлик ҳолати вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаш, қўшмачилик қилиш ёки фоҳишахона сақлаш, ҳаракат хавфсизлиги қоидаларини бузиш, безорилик каби жиноятлар бўйича ошган.

Жиноят ишлари бўйича судларда карантин даврида “ZOOM” дастури орқали 958 нафар шахсга нисбатан 753 иш кўрилган.

Бундан ташқари, жиноят ишлари бўйича судларда ўрнатилган видеоконфренс-алоқа режими орқали ҳам суд мажлислари ташкил этилмоқда.

Ҳисобот даврида Олий судга жиноят ишлари бўйича жами

назорат тартибидаги 4 минг 305 шикоят келиб тушган бўлиб, бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 43,3 фоизга камайган. 1 минг 392 жиноят иши назорат тартибида ўрганилиб, шундан 47,4 фоизи судлов ҳайъатида кўрилган. 36,3 фоиз ишлар бўйича суд қарорларини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асослар аниқланмаганлиги сабабли тегишли жавоблар берилган.

Судлар томонидан жиноятнинг сабаблари ва унинг содир этилишга имкон берган шарт-шароитларни бартараф қилиш юзасидан жами 13 минг 991 хусусий ажрим чиқарилган. Бу жами кўрилган жиноят ишларининг 69,5 фоизини ташкил қилади. 3 минг 646 жиноят иши сайёр суд мажлисларида кўрилган.

Тадбирда журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарилди.