Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Судларда мулк ҳуқуқига оид иш кўрилганда прокурор иштирок этиши шартлиги белгиланмоқда
14:22 / 2022-11-02

“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси билан айрим қонун ҳужжатларидаги меъёрлар ўзгариши кутилмоқда.

Фуқаролик процессуал кодексига киритилиши кутилаётган ўзгаришга кўра, прокурор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда, шунингдек мулк ҳуқуқини тан олиш, ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларга нисбатан ҳуқуқни белгилаш, бундай ерларни ижарага бериш мажбуриятини юклашга оид ер билан боғлиқ ишларда ёки прокурорнинг аризасига кўра қўзғатилган ишлар бўйича фуқаролик ишининг муҳокамасида иштирок этиши шарт.  

Прокурор бошқа шахсларнинг аризалари билан қўзғатилган ишнинг муҳокамасида ўз ташаббуси билан иштирок этиши мумкин эмас.  

Шунга ўхшаш меъёрлар Иқтисодий процессуал, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексларда ҳам акс этмоқда.

Бундан ташқари, мазкур икки кодекс қуйидаги нормалар билан тўлдирилмоқда:  

Прокурор ёки адвокат раислик қилувчининг фармойишларига бўйсунмаган тақдирда, улар огоҳлантирилади.  

Мазкур шахслар раислик қилувчининг фармойишларига яна бўйсунмаса, агар уларни ишга зарар етказмаган ҳолда бошқа шахс билан алмаштиришнинг имкони бўлмаса, ишни кўриш суднинг ажримига биноан кейинга қолдирилиши мумкин.  

Суд бир вақтнинг ўзида хусусий ажрим чиқаради, ушбу ажрим тегишли юқори турувчи прокурорга ёки Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасининг ҳудудий бошқармаси ҳузуридаги малака комиссиясига юборилади.  

Прокурор ёки адвокатнинг узрсиз сабаблар билан келмаганлиги тўғрисида суд хусусий ажрим чиқаради, бу ҳақда тегишинча юқори турувчи прокурорга ёки Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасининг ҳудудий бошқармаси ҳузуридаги малака комиссиясига маълум қилади.  

 

ЎзА