Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Судлар ва почта алоқа бўлимлари ўртасидаги ҳамкорлик самарадорлиги оширилмоқда
10:40 / 2026-02-05

Қашқадарё вилояти судида фуқаролик ишлари бўйича судьялар, суд аппарати ходимлари ҳамда “Ўзбекистон почтаси”АЖ Қашқадарё вилояти филиали ходимлари иштирокида видеоконференцалоқа шаклида семинар бўлиб ўтди.

Тадбирда суд чақирув хатлари ва суд ҳужжатларини тарафларга ўз вақтида етказиш, шунингдек, Судлар фаолиятини таъминлаш департаментининг Қашқадарё вилояти ҳудудий бўлими билан “Ўзбекистон почтаси” АЖ Қашқадарё вилояти филиали ўртасида тузилган шартномада белгиланган тартиб-қоидаларга қатъий амал қилиш масалалари муҳокама қилинди.

Семинар давомида маърузачилар почта алоқа бўлимлари ходимлари суд ҳужжатларини етказиш жараёнида нафақат ижрочи, балки ҳуқуқий тарғиботчи сифатида ҳам фаолият юритиши лозимлигини таъкидлади. Шунингдек, суд чақирув хатларини почта орқали қабул қилган тарафларга етказиш жараёнида юзага келиши мумкин бўлган ҳолатларда бажарилиши шарт бўлган вазифалар ҳамда бу ишлар суд ишларини ўз вақтида ва сифатли ҳал этишда муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.

Муҳокамаларда судлар ва почта алоқа бўлимлари ўртасида ахборот тизимлари орқали амалга оширилаётган интеграция жараёнлари, суд томонидан юборилган ҳужжатларни етказиш амалиёти, чақирув хатлари ва суд қарорларини қоғоз шаклига келтириб, манзилга топшириш тартибига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, интеграция жараёнларидаги техник хатоликлар, интернет тармоғидаги узилишлар, фуқароларнинг яшаш манзилларидаги ноаниқликлар билан боғлиқ ҳолатларда кўрилиши лозим бўлган чора-тадбирлар юзасидан ўзаро фикр алмашилди.

Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири