Суд жараёнларида тарафларга чақирувлар ва қарорларни ўз вақтида етказиш адолатли ва шаффоф судловнинг асосларидан биридир. Шу боис, судлар ва почта алоқа бўлимлари ўртасида самарали ҳамкорлик ўрнатиш, ҳуқуқий ҳужжатларнинг кечиктирилмасдан етказилиши жуда муҳим аҳамият касб этади.
Кейинги йилларда Қашқадарё вилоятида суд чақирувлари ва қарорларининг ўз вақтида етказилиши борасида кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Кадастр агентлиги Шаҳрисабз туман бўлими жавобгар Д.Сайфиддиновага нисбатан ноқонуний қурилишни бузиш ҳақида даъво билан мурожаат қилган. Суднинг 2023 йил 10 январдаги қарорида мазкур қурилиш бузилиши белгиланган.
Бироқ жавобгарнинг кассация тартибида шикоят бериш муддатида суд чақирув хатларининг ўз вақтида етказилмаганлиги сабабли шикоят муддати ўтиб кетганини билдиргани билан боғлиқ масала юзага келган. Бу ҳолат почта алоқа бўлими томонидан чақирувларни ўз вақтида етказишдаги муаммоларни очиб берди.

Почта алоқа бўлимлари, айниқса, ҳудудий филиаллари, суд ҳужжатларини, жумладан, чақирув хатлари ва суд қарори нусхаларини ўз вақтида ва тўлиқ етказиш учун жавобгардир. Қашқадарёда “Гибрид почта” хизмати жорий этилиб, суд ҳужжатлари электрон тизим орқали почта бўлимига келиб тушади ва курьерлар томонидан шахсан етказилади.
Бироқ амалда баъзи муаммолар учраши мумкин. Масалан, 2024 йил декабрда бўлиб ўтган текширув натижасида, почта алоқа бўлими ходими вазифасини совуққонлик билан бажарганлиги аниқланиб, унга ҳайфсан жазоси берилган. Бу эса жавобгарларга чақирув хатлари ўз вақтида етиб боришини таъминлашда мустаҳкам назорат зарурлигини кўрсатади.
Қашқадарё вилоят судининг ташаббуси билан 2025 йил июнда “Ўзбекистон Почтаси” АЖ Қашқадарё филиали билан биргаликда семинар ташкил этилди. Унда суд чақирувлари томонларга ўз вақтида етиб боришини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.
Маърузачилар томонидан суд чақирувлари юбориш муддатлари аниқ белгилаб берилганлиги, почта ходимлари тарафларга ҳуқуқий тушунтиришлар беришлари зарурлиги таъкидланди. Шунингдек, чақирувни олган шахснинг саломатлик ҳолати ёки чет элга чиқиши каби ҳолатларда судга тезкор хабар беришнинг имкониятлари ҳақида маълумот берилди.
Ҳозирги кунда судлар ва почта алоқа бўлимлари ўртасида ахборот тизимлари интеграция қилинган. Суд ҳужжатлари электрон шаклда қабул қилинади ва почта алоқа бўлимига йўналтирилади. Бу тизим орқали ҳужжатларнинг ўз вақтида етказилиши, уларнинг қайд этилиши ва камчиликлар аниқланиши амалга оширилади.
Ягона миллий тизим орқали почта жўнатмалари қайд этилади ва назорат қилинади. Қашқадарё вилоятида ушбу тизим доимий равишда назорат қилиб борилади ва суд чақирувлари, қарорлари ўз вақтида етказилганлиги ёки етказилмаганлиги ҳақида маълумотлар тизимга киритилади.
Ўз вақтида ва тўлиқ етказилган суд чақирувлари суд мажлисларида тарафларнинг иштирокини таъминлайди, адолатли ва қонуний суд қарорлари қабул қилинишига кўмаклашади. Бу эса фуқароларнинг судларга ишончи ошишига ва ҳуқуқий онгининг мустаҳкамланишига хизмат қилади.
Шу билан бирга, ўз вақтида чақирувларнинг етказилиши орқали норозиликлар, апелляция, кассация ва тафтиш шикоятларининг сони камаяди, турли идораларга ёзилган шикоятлар ва мурожаатларнинг олди олинади.
Қашқадарё вилоятида судлар ва почта алоқа бўлимлари ўртасида ҳамкорликни янада кучайтириш, ходимларнинг масъулиятини ошириш, технологик жараёнларни такомиллаштириш ҳамда фуқароларга ҳуқуқий тушунтиришларни кенгайтириш муҳимдир.
Шу билан бирга, суд чақирувлари ва қарорларининг ўз вақтида етказилиши юзасидан доимий мониторинг ўтказилиши, келиб чиққан камчиликлар тезда бартараф этилиши лозим.
Бу жараёнлар суд адолатини таъминлашда, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим аҳамиятга эга бўлиб, жамиятда ҳуқуқий маданият ва ишончни янада мустаҳкамлайди.
Камол Намазов,
Қашқадарё вилояти суд раиси ўринбосари,
фуқаролик ишлари бўйича
судлов ҳайъати раиси.
ЎзА