Андижонда вилоят судларининг 2023 йилдаги фаолияти юзасидан матбуот анжумани ўтказилди.
Вилоят судлари раислари, судьялари, оммавий ахборот воситалари ходимлари, давлат, жамоат ташкилотлари ахборот хизматлари раҳбарлари иштирок этган анжуманда вилоят жиноят, фуқаролик ишлари бўйича, шунингдек, маъмурий судлар томонидан ўтган йилда амалга оширилган ишлар бўйича маълумотлар берилди.
Анжуманда мамлакатимиз суд тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида судлар фаолияти сифат жиҳатдан янада юқори босқичга кўтарилаётганлиги алоҳида қайд этилди.
Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасида Андижон вилояти, туман, шаҳар жиноят ишлари бўйича судлари томонидан 2023 йилда 5 минг 780 нафар шахсга нисбатан 4 минг 467 та жиноят иши кўриб тамомланди. Таҳлилларга кўра, ўтган йили 2022 йилга нисбатан судланганлар сони 64 нафарга, жиноят ишлари эса 9 тага ортган.
Вилоят миқёсида жиноят ишлари бўйича судлар томонидан кўрилган ишларда ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш 166 тага, мансабга совуққонлик билан қараш 74 тага, ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш 66 тага, электр, иссиқлик энергияси, газ, ичимлик сувидан фойдаланиш қоидаларини бузиш 50 тага ортган бўлса, транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларини бузиш 152 тага, фирибгарлик 75 тага, пора бериш билан боғлиқ ишлар 56 тага камайган.
Фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан 2023 йил давомида жами 90 минг 285 та иш кўриб чиқилган. Фуқаролик ишлари аввалги йилга нисбатан 12 минг 888 тага ёки 31,7 фоизга камайган, суд буйруқлари 29 минг 200 та ёки 53,3 фоизга кўпайган.
Даъво тартибида кўриб тамомланган фуқаролик ишлари низо тури бўйича таҳлил қилинганда, кредит қарздорлигини ҳамда қарз ундиришга оид ишлар 8 минг 494 та ёки 30,5 фоизни, никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишлар 6 минг 414 та ёки 23,1 фоизни, оилавий низолар 3 минг 175 та ёки 11,4 фоизни, меҳнат низолари 467 та ёки 1,7 фоизни, ер низолари 360 та ёки 1,3 фоизни, уй-жой билан боғлиқ низолар 1 минг 145 та ёки 4,1 фоизни ташкил этган.
Фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан 2023 йилда жами 6 минг 414 та никоҳдан ажратиш билан боғлиқ иш кўрилиб, шундан 3 минг 830 таси ёки 59,7 фоизида даъволар қаноатлантирилган. Никоҳдан ажратиш билан боғлиқ кўрилган ишлар 2022 йилга нисбатан 564 тага ёки 8,9 фоизга ошган.
Никоҳдан ажралиш билан боғлиқ ишлар энг кўп Андижон шаҳри, Асака, Андижон, Шаҳрихон туманларида кўрилган.
2023 йилида вилоят ҳамда туманлараро маъмурий судлари томонидан 1 минг 138 та иш кўриб чиқилди. Кўриб тамомланган ишлар тоифалар бўйича таҳлил қилинганда, ҳокимлар қарорлари ва харакати (ҳаракатсизлиги)ни қонунга хилоф деб топиш билан боғлиқ жами 414 та иш кўриб чиқилган, шундан 143 таси қаноатлантирилган. Яъни ҳокимларнинг 143 та қарори қонунларга зид равишда қабул қилинган, деб топилди.
Маълум қилинишича, туман ва шаҳар ҳокимлари томонидан 2023 йилда 109 та ер билан боғлиқ қарорларни қабул қилишда қонунларга етарли даражада риоя этмаслик, ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга эгалик хуқуқини белгилаш натижасида фуқаролар ва тадбиркорларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларига жиддий зарар етказилган.
Анжуманда оммавий ахборот воситалари вакиллари ўзларини қизиқтирган барча саволларга судьялардан батафсил жавоблар олди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари