Судлар томонидан 2025 йилда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг кафолатланган ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилган ишлар, мавжуд муаммолар муҳокама қилинди.
Олий суд раиси Бахтиёр Исломов раислигида ўтказилган мажлисда кейинги йилларда аҳолининг одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш учун инсоннинг қадр-қиммати устуворлигини таъминлашга қаратилган муҳим ислоҳотлар амалга оширилаётгани алоҳида қайд этилди.
Мамлакатда адолат ва қонун устуворлигини таъминлашда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бири сифатида тан олинмоқда. Ўтган йиллар каби жорий йилда ҳам судлар фаолияти билан боғлиқ муҳим ислоҳотлар рўёбга чиқарилди.
Жумладан, суд-ҳуқуқ тизимидаги энг катта ислоҳотлардан бири – тергов фаолияти устидан суд назоратини таъминлаш ҳамда “Хабеас корпус” институтини кенг татбиқ этиш мақсадида 241 тергов судьяси фаолияти йўлга қўйилди.

Президентимизнинг жорий йил 30 январдаги “Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилишнинг замонавий механизмларини жорий этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя этилишини таъминлаш ва маъмурий суд ишларини юритишни халқаро стандартлардан келиб чиқиб янада такомиллаштиришга имкон яратилди.
Қарор ижроси бўйича янги таҳрирдаги Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекс лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.
Аҳолининг суд муҳокамаларида масофадан иштирок этишига янада қулайлик яратиш мақсадида видеоконференцалоқа режимида ўтказиладиган суд мажлисларида мобил видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланишнинг ҳуқуқий асослари яратилди.

Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини кенг жорий этиш ҳамда рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштириш мақсадида давлатимиз раҳбари томонидан жорий йил 21 августда “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони имзоланди.
Фармон ижроси юзасидан келгуси беш йилда 182 янги намунавий суд биноси қурилади, 25 таси қайта реконструкция қилинади, 25 таси мукаммал таъмирланади.
Янги йилдан иқтисодий судлар фаолияти самарадорлигини ошириш ва ягона суд амалиётини шакллантириш мақсадида вилоят марказларида ягона туманлараро иқтисодий судлари фаолият юритади, бугунги кунда мазкур судлар фаолият юритиши учун барча шароитлар яратилди.
Маълум қилинганидек, йил бошидан бугунга қадар биринчи инстанция судлари томонидан 4 миллиондан зиёд иш кўриб тамомланган бўлиб, ўтган йилга нисбатан бу кўрсаткич 31 фоизга ошган.
Танқидий руҳда ўтказилган мажлисда ягона суд амалиётини шакллантириш, суд қарорлари сифатини ошириш, судларда иш юритиш, ишлар ва мурожаатларни ўз вақтида рўйхатга олиниши ҳамда улар қонунчиликда белгиланган муддатларда кўриб чиқилишига оид мавжуд муаммолар таҳлиллар асосида муҳокама қилинди.
Суд ҳужжатлари ўз вақтида ва тўлиқ ижро этилишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди.
Раёсат мажлисида кўриб чиқилган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.
Н.Абдураимова,
ЎзА