АОКАда Бизнес-омбудсман девони ахборот хизмати раҳбари Гулжамол Шукурова иштирокида брифинг бўлиб ўтди. Унда жорий йилнинг ўтган даврида Бизнес-омбудсман девони томонидан амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Хусусан, январь-июнь ойларида тадбиркорлардан 4 минг 622 та мурожаат келиб тушган. “Тадбиркор виртуал офиси” ахборот портали орқали 4 минг 496 та мурожаатда 5 минг 196 та масала келиб тушган.
Виртуал офисга келиб тушган мурожаатларнинг 18 фоизи банк ва кредитга оид, 11 фоизи солиқ, 9 фоизи суд ва бошқа орган ҳужжатларини ижро этиш, 9 фоизи ер майдони ёки бино ажратиш, 8 фоизи мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракати, 7 фоизи инфратузилма масалалари ва қолган 38 фоизи бошқа масалаларга тегишли.
Виртуал офисга келиб тушган мурожаатлар асосида тадбиркорларга 3,13 миллиард сўм пул маблағларини ундиришда, 3,02 миллиард сўмдан ортиқ кредит ажратилиши ва 3,17 миллиард сўм асоссиз тўланган солиқ суммалари қайтарилишида ёрдам кўрсатилган.
Бизнес-омбудсман тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувларни мувофиқлаштириш чораларини кўриб бормоқда. Ўтган ярим йил давомида назорат қилувчи органлар томонидан текширувларни келишиш учун киритилган жами 2 минг 520 та буюртмадан 1 минг 201 таси келишилган ва 1 минг 319 таси текширув ўтказиш учун қонуний асослар мавжуд бўлмагани сабабли рад этилган.
Текширувлар қонунийлиги юзасидан ўтказилган мониторинг доирасида аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари бўйича 458 нафар мансабдор шахсга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилган.
Давлат назоратини амалга оширишда ягона ҳуқуқни қўллаш амалиётини таъминлаш мақсадида назорат органининг 4 минг 176 нафар мансабдор шахси иштирокида 62 та ўқув-семинар ўтказилди.
Ўтган ярим йил давомида тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида жами 1 минг 82 та таъсир чораси, шундан 3,6 миллиард сўмлик 31 та даъво аризаси, шикоят, 31 та тақдимнома, 15 та хулоса, 4 та огоҳнома ва 1 минг 10 та маъмурий жазо қўлланилган.
Натижада, ҳисобот даврида судлар томонидан 3,4 миллиард сўмлик даъво тадбиркорлар фойдасига ҳал этилган.
Гулноза Бобоева,
ЎзА