Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Судлар шундай деб турса, яна қаерга борайин?!
20:38 / 2019-09-19

Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ туманидаги “Гулистон агро файз” фермер хўжалиги намунали кўп тармоқли хўжаликлардан бири эди.


Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ туманидаги “Гулистон агро файз” фермер хўжалиги намунали кўп тармоқли хўжаликлардан бири эди.

Ҳа, эди. Нега айнан “эди” саволига ўрин қолдирмаслик учун гапни индаллосидан бошлайлик.

“Гулистон агро файз” фермер хўжалиги 2015 йилда Акмалхўжа Турсунхонов раҳбарлигида ташкил этилди. Пахта ва ғаллачиликка ихтисослашган хўжалик учун 140 гектар ер ажратилди.

– Ўша пайтлар ернинг мелиоратив ҳолати шу даражада ёмон эдики, – эслайди фермер, – биздан аввалги фермер бу ерлардан пахтадан 2 центнердан ҳосил олган. Биз бу ташландиқ ерни “одам“ қилгунча бор кучимиз, билимимиз, меҳримиз ва пулимизни сарфладик. Кам ҳам бўлмадик. Биринчи йилнинг ўзидаёқ пахтамиз 30 центнердан ҳосил берди. 4 мавсумлик қисқа фаолиятимиз мобайнида ҳар йили пахтадан 30, ғалладан 60 центнердан ошириб хирмон кўтардик.

Дарҳақиқат, туман қишлоқ хўжалиги бўлими томонидан тақдим этилган маълумотга кўра, мазкур ердан 2013 йилда пахта режаси 8,3 фоизга, 2014 йилда эса 6,5 фоизга бажарилган, холос. Ғаллачилик бўйича ҳам режалар бирор марта бўлсин, бажарилмаган.

Ёш, ғайратли раҳбар бошлиқ фермер хўжалиги томонидан ернинг мелиоратив ҳолати яхшиланди. Пировардида ҳосилдорлик ва шунга яраша даромад ҳам муттасил ортиб борди. Меҳнат завқи ва эртанги кунга ишонч ёш фермерни маррани каттароқ олишга, фаолиятини кенгайтиришга ундади. Даромади ва етмаган қисмига кредит йўли билан 2 та замонавий ўрим комбайни, 3 та ҳайдов, 7 та чопиқ трактори, 2 та юк машинаси, 50 дан ортиқ қишлоқ хўжалиги агрегати олиб, бошқа хўжаликларга ҳам техник хизмат кўрсатиш фаолиятини йўлга қўйди. Асаларичилик тармоғи ҳам хўжаликка қўшимча даромад келтира бошлади.

Ўтган йили фермер хўжалиги томонидан чорвачилик йўналишини ташкил этиш бўйича дастлабки саъй-ҳаракатлар бошланди. Жумладан, 500 бош қорамолга мўлжалланган чорвачилик комплекси қурилди. Чорвачилик фермасидан олинадиган маҳсулотни қайта ишлаб, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш, бу орқали 100 га яқин аҳолини доимий иш билан таъминлаш ва асосийси, даромадни кўпайтириш мақсадида гўшт ва сут маҳсулотларини қайта ишлаш цехи биноси барпо этилди. 2 қаватли замонавий цех биносининг 1-қаватида аҳолига савдо хизмати кўрсатиш фаолиятини йўлга қўйиш режалаштирилди. Аммо режалар шу йил апрель ойида туман ҳокимининг тегишли қарорига кўра хўжалик ери туман захирасига олиниши билан чиппакка чиқди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 декабрдаги “Тошкент вилоятининг Қуйи Чирчиқ туманида замонавий агросаноат кластерини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, масъулияти чекланган жамият шаклидаги “Tashkent Сotton Textile cluster” корхонасини ташкил этиш, МЧЖга туман ҳудудидан 35,4 минг гектар суғориладиган ер майдони ажратиш вазифаси белгиланган.

Мазкур қарор ижроси юзасидан 2019 йил 12 апрель куни туман ҳокимининг тегишли қарори қабул қилиниб, фермер хўжаликлари, жумладан, “Гулистон агро файз”нинг ер ҳам туман захирасига олинган.

–2018 йилда хўжалигимизга қўшимча 240 гектар ер қўшиб берилди, – дейди фермер. – Яъни, фаолиятимиз яхши бўлгани, белгиланган экинлардан режани ортиғи билан бажарганимиз учун бизга ишонч билдирилди. Мана шу ишонч ва хўжалигимиз ер майдони кенгайиб, 380 гектарга етиши сабабли фаолиятимизни янада кенгайтиришга бел боғлаган эдик. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмасдан, ҳокимият еримизни ноқонуний равишда тортиб олди.

Фермернинг норозилиги ва шу сабаб судларга мурожаат қилишига сабаб бўлаётган туман ҳокимининг ушбу қарорида ҳақиқатдан ҳам эътирозга молик жиҳатлар мавжуд. Жумладан, қарорда “Иловага мувофиқ, фермер хўжаликларининг фойдаланишдаги умумий майдони 26 минг 169,1 гектар, шундан 21 минг 102,2 гектар суғориладиган экин ер, 138,9 гектар боғ ва 1,6 гектар токзорлар, 2 минг 362,9 гектар балиқчилик кўллари, 2 минг 207, 8 гектар қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган ер майдонлари туман захирасига қайтариб олинган, деб ҳисоблансин.

Бунда фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан ерлардан самарасиз фойдаланилгани, ер қонунчилигига риоя этилмагани, бир неча йиллар мобайнида давлатга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш юзасид


ан контрактация шартномаларида белгиланган режани бажармагани, шунингдек, ер майдонларидан бошқа мақсадларда фойдаланилгани кўрсатиб ўтилсин”, дейилган.

Қарордан англашиладики, фермернинг ери туман ҳокимининг қарори билан фермерларнинг ердан самарасиз фойдаланаётгани сабаб олиб қўйилган.

Ваҳоланки, туман қишлоқ хўжалиги бўлими маълумотига кўра, 2016 йилда “Гулистон агро файз” фермер хўжалиги 47,1 гектарда ғўза парваришлаб, 134 тоннадан ортиқ ҳосил олган. Яъни, пахта режаси 100 фоиз, шунингдек, 2017 йилда 100,5 фоиз, 2018 йилда 81,3 фоизга бажарилган. Хўжалик ғаллачилик бўйича ҳам режаларни ортиғи билан бажариб келган. Хусусан, 2016 йилда бу борадаги режа 111,2, 2017 йилда 100,1 ва 2018 йилда 109 фоизга бажарилган.

Модомики шундай экан, хўш, туман ҳокимининг қарори қанчалик асосли?

–Вазирлар Маҳкамасининг Қуйи Чирчиқ туманида замонавий агросаноат кластерини ташкил этиш тўғрисидаги қарори ўз вақти ва ўрнида қабул қилинган қарор бўлди, – дейди фермер. – Боиси, туманимиз сўнгги йилларда пахта ва ғаллачилик бўйича нафақат Тошкент вилояти, балки мамлакатимизда ҳам энг паст натижалардан бирини қайд этиб келаётган эди. Бу ҳолат ўз-ўзидан туман иқтисодиётини орқага тортиб, қатор ижтимоий-иқтисодий муаммоларни юзага келтираётган эди. Қарор билан ердан самарали фойдаланиб, юқори ҳосилдорликка эришиш, одамларни иш билан таъминлашдек олижаноб мақсад кўзланган албатта. Лекин туман ҳокимияти мазкур қарорни рўкач қилган ҳолда еримизни қонуний асосга эга бўлмаган ҳолда олиб қўйиб, бизни сарсон қилаётганини тушуна олмаяпман. Чунки биз ҳокимликнинг ердан мақсадли ва самарали фойдаланиш ҳамда ҳосилдорлик бўйича барча шартларини бажариб келаяпмиз.

Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 24-моддасида “Ер участкаларини ижарага олиш шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш тарафларнинг келишуви билан, бундай келишувга эришилмаган тақдирда эса, суднинг ҳал қилув қарори билан амалга оширилади”, деб белгилаб қўйилган. 36-моддасида эса ер участкаларига бўлган ҳуқуқларнинг бекор қилиниши мумкин бўлган ҳолатлар санаб ўтилган. Қизиқ жиҳати, “Гулистон агро файз” фермер хўжалигининг шартнома муддати тугамагани ҳолда, на тарафлар (ҳокимлик ва фермер ўртасида) келишувга эришган, на Ер кодекси 36-моддасининг талаблари бузилган.

Фермер хўжалиги раҳбари А.Турсунхонов қонунчилигимизда белгиланган тартиблар, шунингдек, хўжаликнинг жорий ҳолати ва истиқболидан келиб чиқиб, туман ҳокимининг юқорида қайд этилган қарорининг “Гулистон агро файз” фермер хўжалигига тегишли қисмини ҳақиқий эмас, деб топишни сўраб дастлаб туман Маъмурий судига мурожаат қилган. Жорий йил 4 июнь кунидаги суднинг ҳал қилув қарори билан фермернинг шикоятини қаноатлантириш рад этилган.

Шундан сўнг А.Турсунхонов ушбу масалада вилоят Маъмурий судига мурожаат қилган. Тошкент вилояти Маъмурий судининг апелляция инстанциясида кўриб чиқилган суд ишида хўжалик раҳбарининг Агентлигимизга йўллаган мурожаатига асосан иштирок этдик.

Судья У.Турсунов раислигида ўтган очиқ суд мажлисида тарафлар тингланди. Судья Қуйи Чирчиқ тумани ҳокимлигининг ишончли вакили Д.Давеновга Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорида агрокластерга қандай ерлар ажратилиши белгилангани ҳақида савол билан мурожаат қилди.

Ишончли вакил қарор билан кластерга ажратилиши белгиланган ер туманда мавжуд қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ернинг 80 фоизини ташкил этишини, қарор ижроси учун қисқа вақт ажратилганини, шунинг учун мазкур қарор ижросини таъминлашнинг бошқа усули бўлмаганини айтди. Ушбу жараёнда юқоридаги каби омиллар сабаб деҳқон ва фермер хўжаликларининг Фуқаролик ва Ер кодексида ҳамда бошқа қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳуқуқ ва манфаатларига путур етказилишига эътибор қаратишнинг имкони бўлмаганини баён қилди. Шунингдек, судьянинг “Гулистон агро файз” фермер хўжалиги фаолияти борасидаги саволига “намунали фермер”, эди дея жавоб берди.

Суд мажлиси якунида вилоят Маъмурий суди Қуйи Чирчиқ тумани Маъмурий судининг қарорини ўзгаришсиз қолдириш бўйича қарор қабул қилди.

Фермер бизга “Қандай қилиб”, “Қайси қонун ҳужжатига асосан”, “Бузилаётган ҳуқуқларим-чи?”, “Судлар шундай деб турса, яна қайга борайин“ деганча юзланди...