Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологиялари жорий этилади
11:47 / 2025-08-26

Ўзбекистон Республикаси Президенти “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технолгияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонни имзолади.

Унга мувофиқ, судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш ҳамда рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштириш, шунингдек, судларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари учун қулай шарт- шароитлар яратиб беришнинг келгуси йиллардаги устувор мақсадлари белгиланди. Улар: 

а) суд ишларини юритишда қоғоз шаклидан воз кечиш мақсадида "Рақамли суд" концепцияси асосида ишларнинг юритилишини босқичма-босқич тўлиқ электрон шаклга ўтказиш; 

б) фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига кўрсатиладиган интерактив электрон хизматлар турларини ошириб бориш, суд ҳужжатларидан нусха олиш, суд ишлари билан танишиш, аризанинг судга тааллуқлилиги ва судловга тегишлилигини аниқлаш, сунъий интеллект ёрдамида суд харажатларини ҳисоблаш имкониятини яратиш, шунингдек, суд томонидан тақиқланган манба ва контентларнинг электрон реестрини юритиш; 

в) судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш учун зарур техник инфратузилма яратиш, шунингдек, ушбу йўналишдаги норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш бўйича чоралар кўриш; 

г) Олий суднинг ахборот тизимлари негизида суд ҳужжатлари архиви модулини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш; 

д) судлар фаолиятини рақамлаштириш бўйича "Кибер ҳуқуқ" йўналишида илмий тадқиқотлар ўтказиш, шунингдек, судьялар ва суд аппарати ходимларининг рақамли саводхонлиги ва малакасини доимий ошириб бориш; 

ж) иқтисодий судлар тузилмасини оптималлаштириш оркқали уларнинг фаолияти самарадорлигини ошириш ва ягона суд амалиётини шакллантириш; 

з) "Рақамли суд" концепцияси асосида босқичма-босқич суд мажлиси залларини ташкил этиш ҳамда аҳоли ва судьялар учун қулай ва замонавий шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, судьялар ва суд ходимларининг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришдан иборат. 

Фармонга кўра, судлар фаолиятига сунъий интеллект технологиялари жорий этилади ва рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштиришга қаратилган "Рақамли суд" концепцияси босқичма-босқич амалга оширилади. 

2025 йил якунига қадар тажриба тариқасида Тошкент шаҳрида "Рақамли суд" концепцияси асосида иқтисодий, фуқаролик ва маъмурий низоларни кўришга мўлжалланган суд мажлиси заллари ташкил этилади. 

2025 йил 1 декабрдан бошлаб фуқаролар, адвокатлар, юристлар, судьялар учун норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни таҳлил қилиш платформаси ишга туширилади. 

2026 йил 1 январдан бошлаб "my.sud.uz" интерактив хизматлар порталида фуқароларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш модули жорий этилади, сунъий интеллект асосида ишлайдиган виртуал маслаҳатчи ҳуқуқий мурожаатларга жавоб бериб боради. 

2026 йил 1 мартдан бошлаб фуқаролик, маъмурий, иқтисодий ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар бўйича дастлабки суд маълумотлари фуқароларга Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали олиш имконияти яратилади.

ЎзА