Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Судлар фаолияти таҳлил қилинди
19:08 / 2024-01-24

Сарҳисоб

Тошкент вилоят судида 2023 йил давомида амалга оширилган ишлар сарҳисобига бағишланган йиғилиш ўтказилди. 
Тадбирни вилоят суди раиси Дилшод Таджибаев олиб борди. 

Вилоят суди раисининг фуқаролик, жиноят ва иқтисодий ишлар бўйича ўринбосарлари томонидан ўз йўналишлари бўйича маълумот берилди. Хусусан, ўтган даврда фуқаролик ишлари бўйича вилоят ва туманлараро судлари томонидан жами 40 минг 976 фуқаролик иши кўрилган. Уларнинг 6 минг 633 таси никоҳдан ажратиш, 2 минг 785 таси бола таъминоти учун алимент ундириш, 141 таси ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш борасидаги ишлардир. 

Шунингдек, 2 минг 952 таси оила низолари, 1 минг 194 таси меҳнат низолари, 11 минг 894 таси кредит шартномаси билан боғлиқ. 2023 йил давомида никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишларнинг 52 фоизи бўйича талаблар қаноатлантирилган, 36,6 фоизи бўйича даъволар рад этилган, 1,7 фоизи бўйича эр-хотин яраштирилиб иш юритиш тугатилган. 

[gallery-15628]

Эътиборлиси, бу мурожаатларнинг айримларида суд ҳужжатларидан норозилик, суд ҳужжатини вақтида ололмаётганлик, судья ва суд ходимларининг хатти-ҳаракатидан норозилик, иш вақтида кўрилмаётгани билан билан боғлиқ ҳолатлар мавжуд. 

Йиғилишда масъуллар томонидан мурожаатларни кўриб чиқиш муддатлари бузилмагани таъкидланди. Фуқаролик ишларининг кўрилиши билан боғлиқ бўлган, жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган мурожаатлар вилоят суди томонидан назоратга олингани айтиб ўтилди. 

Шунингдек, Тошкент вилояти иқтисодий судлари томонидан кўрилган 29 мингдан зиёд иш юзасидан даъвогарлар фойдасига 1 триллион 980 миллиард 516 миллион сўм қарздорлик ва етказилган моддий зарарларни ундириш ҳақида қарорлар қабул қилинган. Судлар раислари фаолияти юзасидан Халқ депутатлари Кенгашларига ахборотлар бериб борилган. 

Тошкент вилоятидаги жиноят ишлари бўйича судлар фаолиятига оид маълумотларга кўра, 2023 йилда айрим турдаги жиноятчилик турлари ошган. Жумладан, номусга тегиш, вояга етмаганларни моддий таъминлашдан бўйин товлаш, одам савдоси, фирибгарлик, электр, иссиқлик энергияси, газ, сувдан фойдаланиш қоидаларини бузиш, транспорт воситасини олиб қочиш ва безорилик каби ҳолатлар. 

А.Мусаев, Д.Эрназаров, ЎзА мухбирлари