Фармон ва ижро
Жорий йилнинг биринчи чорагида амалга оширилган ишлар юзасидан ташкил этилган брифингда вилоят суди раисининг ўринбосарлари, жиноят, фуқаролик ва иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раислари ва вилоят маъмурий суди раиси ўринбосари, оммавий ахборот воситалари ва кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди.
Президентимизнинг 2018 йил 13 июлдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш ва суд ҳокимияти органларига ишончни ошириш чора- тадбирлари тўғрисида”ги фармонида суд раислари томонидан кўплаб вазифалар белгиланган. Шулардан келиб чиқиб, жорий йилнинг биринчи чораги давомида одил судловни амалга ошириш, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасида судлар томонидан амалга оширилган ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати ва фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судлари томонидан ҳисобот даврида жами 10 минг 102 та фуқаролик иши кўриб тамомланган бўлиб, ишлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 820 тага ёки 7,1 фоизга кўпайган. Ёки бўлмаса жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судлари томонидан жорий йилнинг биринчи чорагида биринчи инстанцияда жами 2 минг 410 нафар шахсга нисбатан 1 минг 882 та жиноят иши кўриб тамомланган бўлиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан кўрилган ишлар сони 10 тага ёки 0,5 фоизга ортган бўлса, шахслар сони эса 3,6 фоизга камайган.
Вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати биринчи инстанцияси ва вилоятнинг туманлараро иқтисодий судларига 2024 йилнинг бошида 1 минг 295 та иш 2023 йилдан ўтган ва ўтган уч ой давомида 9 минг 749 та даъво ариза келиб тушган. Улардан 217 таси қайтарилган, 23 тасини қабул қилиш рад этилган, 24 таси бўйича бошқа судга юборилган, 10 минг 780 таси иш юритишга қабул қилинган.
Брифингда вилоят маъмурий суди раиси ўринбосари томонидан жорий йилнинг ўтган уч ойи мобайнида амалга оширилган ишлар тўғрисида ҳам ахборот берилди.
Якунда оммавий ахборот воситалари ходимларини қизиқтирган саволларга жавоб қайтарилди.
А. Мусаев, ЎзА мухбири