Инсон ўз ҳуқуқини, қонун билан қўриқланадиган манфаати ҳимоя қилинишини сўраб судга мурожаат қилиши унинг конституциявий ҳуқуқидир. Бунинг учун суд идоралари эшиги ҳар бир инсон учун доим очиқ.
Бунда фақат судга мурожаат қилиш тартибини билиш ва унга риоя этиш зарур. Бу тартиб қандай ва бунда асосан нималарга эътибор қаратиш керак?
Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий суди жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси бошлиғи
Азиз Абидов сўзлаб берди:
– Фуқаролар ва юридик шахслар муайян ҳолатларда ўзларининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида судга мурожаат қилиши мумкин.
Қонунда судга мурожаат қилиш шаклига нисбатан қатьий талаблар белгиланган. Мурожаат фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар бўйича даъво аризаси шаклида, буйруқ тартибида кўриладиган ишлар бўйича ва алоҳида тартибда юритиладиган ишлар, шунингдек, процессуал қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда эса, ариза шаклида берилиши талаб қилинади.
Фуқаролик процессуал кодексининг 2-моддасида қайд этилганидек, фуқаролик суд ишларини юритиш вазифаси фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш, ижтимоий адолатни, фуқаролар ўртасида тинчлик ва тотувликни таъминлашга кўмаклашишдан иборат.
Бундай вазифаларни амалга ошириш учун суд фуқаролик ишларини тўғри ҳамда ўз вақтида кўриб чиқиши лозим. Бу, ўз навбатида, муайян процессуал мақсадни бажаришга қаратилган бир неча босқични ўз ичига олади.
Фуқаролик процессида дастлабки ва жуда муҳим босқич — фуқаролик ишини қўзғатиш босқичи ҳисобланади. Бу босқичда ўн кун ичида судья якка тартибда учта масалани, яъни аризани иш юритишга қабул қилиш, қабул қилишни рад этиш ёки қайтариш тўғрисидаги масалани ҳал қилиши зарур.
Бунинг учун судья аризачи томонидан Фуқаролик процессуал кодекс-ининг 189-191-моддалари талабларига риоя қилингани ёки қилинмаганини синчиклаб текширади. Айниқса, аризанинг мазмунига нисбатан, шу жумладан, даъвогар ва жавобгарнинг шахсига оид маълумотлар, даъво талабининг нимадан иборат эканлиги, даъвога асос сифатида келтирилаётган ҳолатлар ва буни тасдиқловчи далиллар аризада аниқ кўрсатилиши шарт. Қонунда белгиланган бу талаблар бажарилганлиги жуда муҳим.
Эътибор қаратиш шарт бўлган яна бир жиҳат — ариза ва унга илова қилинган ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари жавобгарларнинг сонига мутаносиб равишда тақдим этилганидир. Шунингдек, давлат божи ва почта харажатлари белгиланган тартибда ва миқдорда тўланган бўлиши керак.
Мазкур текширишлар натижасига кўра, судья ариза қонунда назарда тутилган талабларга риоя этилган ҳолда берилган, деб топса, уни иш юритишга қабул қилади. Яъни фуқаролик ишини қўзғатиш ҳақида, акс ҳолда аризани иш юритишга қабул қилишни рад этиш ёки аризани қайтариш тўғрисида ажрим чиқаради.
Шу ўринда яна бир ҳақли савол туғилади: қайси ҳолларда судья аризани иш юритишга қабул қилишни рад этади? Бу саволга Фуқаролик процессуал кодексининг 194-моддасидан аниқ жавоб топиш мумкин. Яъни арз қилинаётган талаб судга тааллуқли бўлмаса рад этилади. Суднинг айни бир тарафлар ўртасида, айни бир предмет тўғрисида ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори ёки даъвогарнинг даъво талабларидан воз кечгани ёки тарафлар келишув битими тузилгани сабабли ишни тугатиш тўғрисидаги ажрими мавжуд бўлса ҳам судья аризани иш юритишга қабул қилишни рад этади.
Шу ўринда ҳақли савол туғилади: хўш, ариза қачон ва қандай ҳолларда қайтарилиши мумкин?
Агар Фуқаролик процессуал кодексининг 195-моддасига мувофиқ, ариза муомалага лаёқатсиз шахс томонидан берилган бўлса; манфаатдор шахс номидан ариза иш юритиш ваколатига эга бўлмаган шахс томонидан берилган бўлса қайтарилади. Иш мазкур суднинг судловига тегишли бўл-маса; ариза Фуқаролик процессуал кодексининг 189-моддасида белгиланган талабларга риоя этилмаган ҳолда берилган бўлса; битта аризада бир ёки бир нечта жавобгарга нисбатан ўзаро боғлиқ бўлмаган бир нечта талаб бирлаштирилган бўлса ва бошқа шу каби ҳолатларда ариза қайтарилади.
Аризани иш юритишга қабул қилишни рад этиш ва аризани қайтариш тўғрисидаги ажримлардан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар турлича.
Биринчи, ажрим судга шу масалада қайта мурожаат қилиш имкониятидан маҳрум этса, иккинчи, ажримда кўрсатилган камчиликлар бартараф этилганидан кейин манфаатдор шахс судга умумий тартибда такроран мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
Қонун мазмунига кўра, ҳар икки ҳолатда ҳам судья чиқарган ажрим юзасидан умумий тартибда хусусий шикоят қилиниши, протест келтирилиши мумкин.
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, қонунчиликда судга мурожаат қилиш тартибининг аниқ белгилаб қўйилгани судларга қулайлик яратиши баробарида мурожаатчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини кафолатли таъминлашга хизмат қилади.
Н.Абдураимова, ЎзА