Бирлашган Араб Амирликлари Ташқи ишлар вазирлиги Судан ғарбидаги Шимолий Дарфур вилоятидаги қочқинлар яшаётган қўналғага уюштирилган қуролли ҳужумни кескин қоралади.
Африканинг ушбу мамлакати соғлиқни сақлаш идораси маълум қилишича, жума куни тезкор ҳаракат кучлари исёнчилари зарбаси оқибатида 100 дан ортиқ одам ҳаётдан кўз юмди. Қурбонлар орасида тиббиёт ходимлари, инсонпарварлик ташкилоти вакиллари ҳам бор.
БАА масъуллари урушаётган томонларни халқаро ҳуқуқ ва 2023 йил майдаги Жидда декларацияси, шунингдек Судан Тинчлик ва ҳаётни сақлаб қолиш лойиҳасида иштирок этаётган давлатлар (ALPS) томонидан таклиф қилинган механизм бўйича ўз мажбуриятини бажаришга чақирди.
2023 йил 15 апрелдан бери Суданда Муҳаммад Ҳамдан Дагло қўмондонлигидаги Тезкор ҳаракат кучлари ва мунтазам армия ўртасида шиддатли жанг давом этмоқда.
Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси бу уруш туфайли турли касалликлар авж олиши, соғлиқни сақлаш тизими ҳалокатли таназзулга учраши мумкинлигидан огоҳлантириб келмоқда.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбари Тедрос Адханом Гебрейесус аввалроқ мазкур можаро қурбонлари 20 000 дан ошиб кетганини маълум қилди. БМТ Халқаро миграция ташкилоти маълумотига кўра, ички кўчирилганлар 10 миллиондан кўп.
С.Раҳимов, ЎзА