Суданнинг Жанубий Дарфур вилоятида қабилалараро тўқнашувлар давомида камида 200 киши ҳалок бўлди, деб хабар тарқатди Al-Sharq телеканали тиббий манбаларга таяниб.
Тўқнашувлар жума куни оқшомда бошланган. Гувоҳларнинг айтишича, вилоятнинг маъмурий марказида (Ньяла шаҳри) оғир қуроллар ҳам ишга солинган.
Sudan Tribune нашрининг ёзишича, тўқнашув иккита араб қабиласи ўртасида келиб чиққан.
Кўп миллатли Судан учун қабилалараро тўқнашувлар янгилик эмас. Суданнинг Дарфур минтақасида 2003 йилдан буён Судан ҳукумати билан айирмачи исёнчи гуруҳлар ўртасида қуролли тўқнашувлар бошланганди. Можаро давомида турли маълумотларга кўра, 500 мингга яқин киши қурбон бўлган, 2,5 миллиондан зиёд аҳоли қочқинга айланган.
Жорий йил 15 апрелдан буён Суданда Муҳаммад Хамдан Дагло раҳбарлигидаги тезкор кучлар ва мунтазам армия ўртасида қуролли тўқнашувлар давом этмоқда. БМТнинг миграция бўйича халқаро ташкилоти маълумотларига кўра, Суданда қуролли можаролар туфайли уч миллиондан ортиқ киши яшаш жойларини ўзгартиришга мажбур бўлган, 926 минг киши мамлакатни бутунлай тарк этган.