Суданда можарода иштирок этаётган томонларнинг бири эгаллаб олган Биология лабораториясида қизамиқ ва сил хасталиклари намуналари ҳамда полиомиелит вируси сақланади. Бу ҳақда пайшанба куни ЖССТнинг Шарқий Ўртаер денгизи мамлакатлари минтақавий бюроси директори Аҳмад ал-Мандхари баёнот берди.
“Ушбу лабораторияда қизамиқ, вабо, сил, полиомиелит ва бошқа кўплаб хавфли касаллик намуналари сақланади”, - дея маълум қилган ал-Мандхари бюронинг ижтимоий тармоқдаги расмий саҳифаси орқали. “ЖССТ ўқитилмаган одамлар ушбу намуналардан нотўғри фойдаланиши, ўзларига юқтириб олиши, сўнгра инфекцияни тарқатиши мумкинлигидан қаттиқ хавотирда”, - дейилади баёнотда.
Шу билан бирга, ал-Мандхарининг таъкидлашича, ҳозирда Суданда соғлиқни сақлаш соҳасидаги муаммолар, зўравонликлар, тиббий муассасаларнинг ишламаётгани, тоза ичимлик суви билан таъминлаш чеклангани, озиқ-овқат маҳсулотларининг етишмаслиги, одамларнинг бошқа жойга мажбурий кўчиб ўтаётгани энг катта хавфни юзага келтирмоқда.
ЖССТ вакилининг таъкидлашича, республикада эпидемиялар, айниқса, вабо тарқалиши хавфи жуда юқори.
Суданда 15 апрелдан буён Муҳаммад Хамдан Дагло қўмондонлигидаги Тезкор ҳаракат кучлари билан Судан мунтазам армияси ўртасида жанглар давом этмоқда.
Судан соғлиқни сақлаш вазирининг маълум қилишича, қуролли тўқнашувлар натижасида ҳалок бўлганлар сони 600 кишига етган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти вакили Маргарет Харрис БМТнинг жума куни уюштирилган брифингида 413 киши ҳалок бўлгани, 3 минг 551 киши жароҳат олгани ҳақида маълумот берган эди.
Судан врачлар касаба уюшмалари эса уруш бошлангандан буён 256 нафар тинч аҳоли қурбон бўлгани, 1 минг 454 киши жароҳат олгани ҳақида маълум қилган.