Жиззах вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати ташаббуси билан вилоят солиқ бошқармаси биносида давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбирда Жиззах вилоят солиқ, Давлат активларини бошқариш агентлигининг вилоят ҳудудий бошқармалари ҳамда ишни тугатиш бўйича суд бошқарувчиларининг вакиллари иштирок этди.
Давра суҳбатида асосий эътибор суд томонидан тўловга қобилиятсиз деб топилган қарздорларга оид ишлар ижросининг ортиқча чўзилиши ва ушбу жараёнда юзага келаётган муаммоларга қаратилди.
Ўзбекистон Республикасининг “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ, қарздорни банкрот деб топиш тўғрисидаги суд қарори тугатишга доир иш юритишни бошлашга асос бўлади. Қонунга биноан, тугатиш жараёнининг умумий муддати 12 ойдан ошмаслиги лозим. Фақат истисно ҳолларда, ишда иштирок этувчи томонлар илтимосига кўра ёки суд ташаббуси билан мазкур муддат 3 ойгача узайтирилиши мумкин.
Тадбирда таъкидланганидек, айрим ҳолатларда ишни тугатиш бўйича суд бошқарувчиларининг вакиллари тез-тез алмашиши, уларнинг иш тажрибаси ва масъулияти етарли даражада эмаслиги сабабли тугатиш жараёнлари сунъий равишда чўзилиб, қонунда белгиланган муддатлар бузилмоқда. Бу эса нафақат иш юритувининг самарадорлигига, балки давлат ва тадбиркорлар манфаатларига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда.
Мавжуд муаммолар юзасидан суд томонидан тегишли чоралар кўрилган бўлиб, Давлат активларини бошқариш агентлигининг Жиззах вилояти ҳудудий бошқармасига расмий тақдимномалар киритилиб, суд бошқарувчилари фаолиятида аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва келгусида уларга йўл қўймаслик юзасидан қатъий вазифалар белгиланган.
Шунингдек, давра суҳбатида муаммоларни тизимли ва ўзаро ҳамкорликда ҳал этиш, ташкилотлар ўртасида самарали ахборот алмашинувини йўлга қўйиш, ишларнинг ҳар бир босқичига индивидуал ёндашувни кучайтириш зарурлиги қайд этилди.
Тадбир якунида тўловга қобилиятсизлик ишларини таҳлил қилиш, узоқ давом этаётган тугатиш ишларини жадаллаштириш ҳамда ижро интизомини кучайтиришга қаратилган аниқ чора-тадбирлар белгиланди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари