Президент қарорлари – ҳаётда ва назоратда
2020 йил 19 декабрь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўнинчи ялпи мажлисида суд қарорларини қайта кўришнинг процессуал тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг «Маъмурий жавобгарлик тўғрисида»ги, «Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисида»ги ҳамда Жиноят, Иқтисодий ва Фуқаролик процессуал кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонунлари қабул қилиниб, мазкур қонунлар асосида суд ишларни кўриб чиқишида бир-бирини такрорловчи инстанциялар бекор қилинди.
Суд қарорлари устидан назорат тартибида шикоят бериш институти тугатилди, суд қарорлари устидан апелляция ва кассация тартибида шикоят беришнинг амалдаги тартиби тубдан ўзгартирилди. Апелляция ва кассация инстанциясига оид ваколатлар кенгайтирилди. Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати маъмурий судлардан жиноят ишлари бўйича судларга ўтказилди.
Қонунга киритилган ўзгартиришларга асосан уч босқичли суд тизими: биринчи инстанция (туман (шаҳар) судлари, айрим тоифадаги мураккаб ишлар бўйича – вилоят судлари); апелляция инстанция (вилоят даражасидаги судлар); кассация инстанцияси (Олий суд) судлари ташкил этилди.
Биринчи инстанция суди жиноят иши бўйича ҳукм ёки ажрим чиқариш ҳуқуқига эга. Апелляция инстанцияси суди биринчи инстанция судининг қонуний кучга кирмаган ҳукмлари ва ажримлари устидан берилган шикоятлар (протестлар) бўйича ишларни кўриб, ҳукм ёки ажрим чиқаради. Қонуннинг аввалги таҳририда кассация инстанцияси суди биринчи инстанция судининг қонуний кучга кирган ҳукмлари ва ажримлари устидан берилган шикоят ва протестлар бўйича ишларни кўриб чиқиб, ажрим чиқариши белгиланган бўлса, эндиликда қонунчиликка киритилган ўзгартиришларга асосан кассация инстанцияси суди биринчи ва апелляция инстанцияси судининг ҳукмлари ва ажримлари устидан берилган шикоятлар (протестлар) бўйича ишларни кўриб, ажрим чиқариш тартиби қонунчиликка киритилди.
Аввалги қонунчиликка кўра, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг, Қорақалпоғистон Республикаси жиноят ишлари бўйича судининг, жиноят ишлари бўйича вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг ҳукмлари устидан берилган апелляция шикоятлари ва протестлари айни шу судларнинг ўзи томонидан кўриб чиқилган бўлса, қонунчиликка киритилган ўзгартиришларга асосан мазкур ҳукми устидан Ўзбекистон Республикаси Олий судига апелляция шикояти берилиши ва протест билдирилиши мумкинлиги белгиланди.
Уч босқичли суд тизимининг ташкил этилиши «бир суд-бир инстанция» тамойили асосида иш юритишни, пировардида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, қонуний манфаатларини тўлиқ ва холисона ҳимоя қилинишини таъминлайди.
Аввалги қонунчиликка кўра, биринчи инстанция судининг ҳукми устидан апелляция шикоятлари ва протестлари ҳукм эълон қилинган кундан эътиборан ўн сутка ичида, маҳкум оқланган шахс, жабрланувчи томонидан эса уларга ҳукмнинг нусхаси топширилган кундан эътиборан шундай муддат ичида берилиши мумкин бўлган бўлса, эндиликда апелляция шикоятлари ва протестлари билдириш муддати йигирма сутка қилиб белгиланиб, шикоят қилиш муддати 10 суткага узайтирилди.
Қонунчиликка киритилган ўзгартиришларга кўра, апелляция шикояти (протести) берган шахс апелляция инстанцияси судининг мажлиси бошлангунига қадар уни ўзгартиришга ёки янги важлар билан тўлдиришга ҳақли.
Ҳукм устидан шикоят қилиш муддати ўтганидан кейин ишга киришган ҳимоячи апелляция шикоятини ўзгартириши ёки уни янги важлар билан тўлдириши, илгари ишда иштирок этган ҳимоячи томонидан берилган шикоят важларига қўшимча асослар тақдим этиши мумкин.Апелляция инстанцияси суди апелляция шикояти (протести) бўйича ҳақиқий ҳолатлар аниқланишининг тўлиқлигини ва жиноят қонуни нормалари тўғри қўлланилганлигини, иш юритишни амалга ошириш чоғида жиноят процессуал қонун нормаларига риоя этилган-этилмаганини, биринчи инстанция суди ҳукмининг, ажримининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини ишда мавжуд бўлган ва апелляция инстанцияси суди томонидан қўшимча равишда текширилган далиллар билан текшириши иш бўйича жиноят процесси иштирокчиларининг қонун билан қўриқланадиган манфаатлари бузилишининг олдини олади.
Аввалги қонунчиликка кўра, ишни апелляция инстанцияси судида кўришни тайинлаш ҳукмни чиқарган судлар томонидан амалга оширилган бўлса, қонунчиликка киритилган ўзгартиришларга асосан апелляция инстанцияси суди мажлисини тайинлаш ва тайёрлаш ҳолатлари ҳам ўзгартирилиб, унга судья апелляция шикояти, протести билан келиб тушган жиноят ишини ўрганиб, суд мажлисини тайинлаш тўғрисида етти сутка ичида ажрими чиқариши белгиланди.
Апелляция инстанцияси судининг жиноят ишини кўриш натижаларига кўра қабул қиладиган қарорларининг турлари кенгайтирилди, натижада иш юзасидан биринчи инстанция суди томонидан йўл қўйилган қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш ва иш юзасидан якуний қарор қабул қилиш ваколатлари кенгайтирилди, аввалги қонунчилик билан тартибга солинмаган жараёнларнинг тартиби белгиланди.
Қонунчиликка киритилган ўзгартиришлар билан апелляция институти жиноят иши натижаларига кўра, қайси ҳолатларда апелляция инстанцияси суди ажримини, қайси ҳолатларда апелляция инстанцияси ҳукмини чиқариши белгиланди.
Амалдаги процессуал кодексларнинг талабига кўра, иш назорат тартибида кўрилишидан олдин албатта, апелляция ёки кассация тартибида кўрилган бўлиши шарт, шунингдек, амалда ҳам апелляция ёки кассация тартибида шикоят қилишнинг муддатлари белгиланган. Қабул қилинган қонунда ана шу муддатлар узайтирилди.
Мазкур ўзгартиришлар одил судловга эришиш имкониятларини кенгайтиришга, суднинг чинакам мустақиллигини, тарафларнинг судда тортишувчанлик ва тенглиги тамойилини, фуқаролар ҳуқуқларининг ишончли суд ҳимоясида бўлишини таъминлашга хизмат қилади.
Абдулҳаким ТЎРАЕВ,
Жиноят ишлари бўйича Андижон туман суди раиси.
ЎзА