Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Суд ва тергов жараёнларига кўмаклашиш мақсадида жалб этилган шахслар ҳуқуқлари қандай таъминланади?
11:24 / 2023-11-06

Жабрланувчилар, гувоҳлар, экспертлар, мутахассислар, таржимонлар ва холисларга тўланиши лозим бўлган маблағларни ҳисоблаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низом Ҳукумат қарори билан тасдиқланди.

Унда суд ва тергов жараёнларига ишда кўмаклашувчи шахслар қандай жалб этилиши ҳамда уларнинг ҳуқуқлари қандай таъминланиши акс этган.  

Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари Миркомил Бозоров билан мазкур ҳужжатнинг аҳамияти ва моҳияти ҳақида суҳбатлашдик.  

– Низомда бир қатор янгиликлар мавжуд бўлиб, жабрланувчилар, гувоҳлар, экспертлар, мутахассислар, таржимонлар, холисларга тўланадиган тўловлар ва қоплаб бериладиган харажатлар турлари назарда тутилди, – дейди М.Бозоров. – Хусусан, доимий яшаш жойлари узоқда бўлганлар учун келиб-кетиш,   меҳмонхона ва кундалик харажатлари, эксперт, таржимон, мутахассисга хизмат топшириғи билан боғлиқ бўлмаган вазифаларни бажарганлик учун тўловлар ҳамда доимий иш ҳақи олмайдиган жабрланувчилар, гувоҳлар ва холисларни одатдаги машғулотидан чалғитганлик учун тўловлар шулар жумласидандир.  

Маълумот учун, ушбу тўловлар процессуал ҳужжатларда тўлаб берилиши назарда тутилган бўлсада, буни амалга оширишнинг ҳуқуқий механизмлари яратилмаган эди.  

Шунингдек, жабрланувчилар, гувоҳлар, экспертлар, мутахассислар, таржимонлар, холисларга тўланадиган тўловлар ва харажатларни қоплаш миқдорлари белгилаб берилди.  

Таъкидлаш жоизки, процессуал мажбуриятларини хизмат топшириғи билан боғлиқ бўлмаган ҳолда бажараётган эксперт, мутахассис ва таржимонга бажарган ишлари учун тўлов миқдори камлиги ҳамда тўловларни амалга ошириш механизмларининг аниқ мавжуд эмаслиги айрим ҳолатларда суд ва тергов органларига турли хил ноқулайликларни келтириб чиқарган. Бу эса одил судловни амалга оширишда малакали мутахассисларни жалб қилиш имкониятини чеклаётган эди. Эндиликда шу каби ҳолатларга чек қўйилди.    

– Жабрланувчилар, гувоҳлар, экспертлар, мутахассислар, таржимонлар ва холислар харажатларини қоплаш ва тўловларни амалга ошириш тартиби қандай?    

– Тўловлар суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки суднинг қарори (ажрими)га асосан 10 кунлик муддатда тўлаб берилади. Бу, ўз навбатида, суд ва тергов жараёнларига ишда кўмаклашувчи шахсларни жалб қилишда қулайлик яратиш билан бирга, уларнинг қилган харажатларини тўлиқ қопланишига ҳам имкон яратади.  

Янги таҳрирдаги Конституциянинг 29-моддасида ҳуқуқбузарликлардан жабрланганларнинг ҳуқуқлари қонун билан муҳофаза қилиниши, давлат жабрланганларга ҳимояланишни ва одил судловдан фойдаланишни таъминлаши, уларга етказилган зарарнинг ўрни қопланиши учун шарт-шароитлар яратиши белгиланган.  

Белгиланган янги тартиб фуқароларнинг Бош қомусимизда белгиланган ҳуқуқларини таъминлашга хизмат қилади.  

Зарур ҳолатларда жабрланувчилар, гувоҳлар, холисларни ҳамда мустақил экспертлар, мутахассислар, таржимонларни ишда иштирок этиши орқали одил судлов сифати ошади. Судда тортишувчанлик институти самарали қўлланилишига кенг йўл очилади.  

 

Н.Абдураимова,  

ЎзА