Муносабат
Судьялар ҳамжамияти органларининг самарали фаолияти билан одил судловни амалда таъминлашнинг энг муҳим омиллари – судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, муносибларини танлаш ва тайинлашдек масъулиятли жараён билан боғлиқ. Бунда очиқлик ва шаффофликка эришилади.
Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йилнинг 24 ноябрь куни имзоланган “Судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятининг самарадорлиги ва очиқлигини ошириш, шунингдек, суд мустақиллигини таъминлаш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон миллий суд тизимини демократлаштиришнинг мутлақо янги бир босқичини бошлаб берди.

Фармонда судьялар корпусини шакллантириш тартибини янада такомиллаштириш, ушбу жараёнда судьялар ҳамжамияти органлари ролини ошириш ва уларнинг масъулият доирасини аниқ белгилаш, судьяликка номзодларни танлашнинг шаффоф тартибини жорий этиш каби муҳим вазифалар белгиланди.
Ўрни келганда шуни ҳам эътироф этиш жоизки, ривожланган демократик мамлакатлар тажрибаси ва қонунчилигида, шунингдек, бир қатор халқаро ҳужжатларда судьялар ҳамжамияти органларининг самарали фаолият юритиши судьяларнинг мустақиллигини таъминлашнинг кафолати сифатида белгиланган.
Хусусан, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Суд органлари мустақиллигига оид асосий принципларида судьялар ўз манфаатларини ҳимоя қилиш, касбий тайёргарлигини ошириш ва судьялар мустақиллигини сақлаш мақсадида судьялар бирлашмаларини ёки бошқа ташкилотларни ташкил этиши ва уларга кириши мумкинлиги қайд этилган.
Суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш учун судьялар ҳамжамияти органлари судлар ва судьялар фаолиятига оид қарийб барча масалаларни ҳал қилиш бўйича муайян ваколатларга эга бўлиши талаб этилади. Жумладан, судьяларни танлаш, лавозимга тайинлаш, ўқитиш, хизмат бўйича юқори лавозимларга ўтказиш, судьялар фаолиятини баҳолаш ва одоб-ахлоқ масалаларини ҳал қилиш, рағбатлантириш, интизомий жавобгарликка тортиш, судларни молиялаштиришда иштирок этиш, судьяларнинг дахлсизлигини ҳимоя қилиш кабилар шулар жумласидан.
Судьялар ҳамжамияти органларининг фаолиятига айни пайтдаги мавжуд амалиётдан келиб чиқиб ёндашадиган бўлсак, ушбу органлар орасида Судьялар олий кенгаши ўта муҳим ўринни эгаллайди. Сабаби, Кенгаш суд тизими, хусусан, судьялар касбий фаолиятининг аксарият йўналишларидаги муносабатларда бир қатор вазифа ва ваколатларга эга конституциявий орган ҳисобланади. Кенгаш судьялар корпусини малакали судья кадрлар билан шакллантириш, уларнинг мустақиллиги ва дахлсизлигини, тизимда ички хавфсизликни таъминлаш, малакасини ошириш ва коррупциявий ҳолатларнинг барвақт олдини олиш ҳамда судларни молиялаштиришда иштирок этиш каби вазифаларни амалга оширишга масъул тузилмадир.
Шу боис фармоннинг “Суд мустақиллигига оид илғор стандартларни жорий этиш ҳамда судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятини такомиллаштириш”га қаратилган иккинчи бўлими иккинчи кичик бандида Кенгаш томонидан таклиф этилган: “судьянинг касбий фаолиятини баҳолашда “ҳалоллик”, “касбий лаёқатлилик” ва “судьялик одоби қоидаларига риоя этиш” талабларининг аниқ мезонларини қонун даражасида белгилаш” масаласига розилик берилмоқда.
Ушбу муҳим мезонлар – суд тизими учун ҳар томонлама етук, замонавий билим ва касбий кўникмаларга эга юқори малакали кадрларни, судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, судья ва суд аппарати ходимларининг малакасини ошириш, раҳбарлик лавозимларини эгаллаш учун захирада бўлган судьяларни қайта тайёрлаш каби масалаларни вазифа сифатида кўрсатади.
Таълим олувчиларда судьялик касбий маданиятини шакллантиришга қаратилган дастурларни жорий этиш, бўлажак судьяларда мустақил, холис, беғараз, фақатгина қонунга таянган ҳолда адолат билан иш юритишнинг касбий кўникмаларини ривожлантириш муҳимдир.
Бу каби интерфаол ўқитиш услубларини таълим жараёнига татбиқ этишда Ўзбекистон суд тизимида ягона ихтисослаштирилган давлат таълим ва илмий-тадқиқот муассасаси – Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академияси жамоаси ҳам ўз олдига янги вазифаларни қўяди.
Академия ўзининг кундалик фаолиятида тингловчи ва талабаларда юксак маънавий, ахлоқий фазилатларни шакллантириш, таълим жараёнида коррупцияга қарши курашиш, очиқлик ва шаффофликни таъминлашнинг таъсирчан механизмларини жорий қилиш чора-тадбирларини кўриши лозим.
Хулоса қилиб айтганда, фармонда белгиланган вазифалар умумэътироф этилган илғор демократик халқаро норма ва принциплар асосида судьялар ҳамжамияти органлари, жумладан, Судьялар олий кенгаши фаолияти ташкилий ва институционал жиҳатдан янада такомиллаштирилишининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлайди.
Дилшод АРИПОВ,
Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академияси
проректори в.б.
ЎзА