Сўнгги йилларда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида фуқаролар, тадбиркорлик субъектлари ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга, қонун устуворлигини таъминлашга ҳамда мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини мустаҳкамлашга замин яратилмоқда...
Президентимизнинг талаблари ва белгилаб берган вазифаларидан келиб чиққан ҳолда судлар томонидан ишларни кўришда асосий эътибор инсон ҳуқуқларини энг олий қадриятга айлантиришга, адолатли суд қарорлари қабул қилишга, суд мажлисларининг тарбиявий ва профилактик аҳамиятини ошириш, томонларга қулайлик яратиш мақсадида ишларнинг сайёр суд мажлисларида кўрилишига, суд мажлисларида тарафлар иштирокини таъминлашга, уларни имкон қадар муросага келтиришга, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган барча бартараф этиб бўлмайдиган зиддиятлар ва ноаниқликлар тадбиркорлик субъектларининг фойдасига ҳал қилинишига, суд фаолияти шаффофлигини таъминлаган ҳолда жамоатчиликни қизиқтирган масалалар бўйича ОАВ орқали ўз вақтида ва объектив ахборот беришга қаратилмоқда.
Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинганлиги ҳам бу борада ташланган янги қадам бўлди.
Мазкур қарорга мувофиқ ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки тадбиркорлик субъектига оммавий-ҳуқуқий муносабатдан келиб чиқадиган низо билан бирга унга сабабий боғланишда бўлган зарарни ундириш талабини ҳам маъмурий судга билдириш ҳуқуқини тақдим этилиши ҳамда бундай талабларни кўриб чиқиш ваколати маъмурий судлар ўтказилиши айни муддао бўлди.
Амалдаги қонун ҳужжатлари талабига кўра, давлат бошқаруви органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ва улар мансабдор шахсларининг қонун ҳужжатларига мос келмайдиган ҳамда фуқаролар ёки юридик шахсларнинг ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан низолашиш тўғрисида ишлар маъмурий судларда, шундай қарорлар, ҳаракат (ҳаракатсизлик)лар оқибатида етказилган зарар таълуқлигига кўра фуқаролик ёки иқтисодий судларда кўрилиши белгиланган.
Масалан, туман давлат солиқ инспекциясининг 2020 йил 29 июндаги 10-сонли қарорига асосан қарздор “EEPL” компанияси (номи ўзгартирилган)дан 21 006 204 306 сўм миқдорида солиқ қарзини ундириш тўғрисида қарор қабул қилиниб, унинг ижросини таъминлаш учун Мажбурий ижро бюросининг туман бўлимига юборилган.
Мазкур қарор ижроси юзасидан МИБ 2020 йил 10 июлда ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисида қарор қабул қилиб, Компанияга қарздорликни ихтиёрий тўлаш учун 5 кунлик муддат белгиланган. Компания томонидан қарор ижроси ихтиёрий бажарилмаганлиги сабабли МИБ томонидан 2020 йил 16 июлдаги ижро йиғимини ундириш тўғрисида қарор қабул қилиниб, компания ҳисобидан 420 124 086,12 сўм миқдоридаги пул маблағлари ижро йиғими сифатида ундириб олинган.
Маъмурий судининг 2020 йил 21 августдаги ҳал қилув қарори билан МИБнинг компаниядан 21 006 204 306 сўм миқдорида солиқ қарзи ва ижро йиғимини ундириш тўғрисида ижро иши юзасидан ҳаракатлари ғайриқонуний деб топилган.
Шу билан биргаликда МИБнинг 2020 йил 16 июлдаги ижро йиғимини ундириш тўғрисидаги қарори ҳақиқий эмас деб топилган.
Компаниянинг ундириб олинган асоссиз ундирилган пул маблағларини қайтариш тўғрисидаги мурожаатлари МИБ томонидан оқибатсиз қолдирилганлиги сабабли, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил компания манфаатида иқтисодий судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, МИБ ҳамда Ғазначилик бошқармасидан 420 124 086,12 сўм зарар ундиришни сўраган.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси 73-моддасига фуқаролик ишлари бўйича суднинг ёки маъмурий суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори бошқа ишни кўраётган иқтисодий суд учун фуқаролик ишлари бўйича суднинг ёки маъмурий суднинг ҳал қилув қарорида аниқланган ва ишда иштирок этувчи шахсларга тааллуқли бўлган ҳолатларга доир масалалар бўйича мажбурий бўлганлиги боис Тошкент шаҳар суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2021 йил 13 августдаги қарори билан даъво талаби тўлиқ қаноатлантирилган.
Ушбу мисолдан кўриш мумкинки, ўзаро боғлиқ бўлган талаб бўйича шахс ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида иккита судга, икки маротаба мурожаат қилишга тўғри келмоқда. Ҳолбуки, ушбу низони бевосита маъмурий суднинг ўзида ҳал қилиш имкони мавжуд.
Бундан ташқари, ҳозирда амалда бўлган қонун ҳужжатларига мувофиқ иқтисодий судлар томонидан чиқарилган ижро ҳужжатлари бўйича давлат ижрочисининг қарори устидан иқтисодий судга («Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 861-моддаси), давлат ижрочисининг хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан маъмурий судга (Қонуннинг 88-моддаси ва МСИЮтКнинг 27-моддаси) мурожаат қилиш тартиби мавжудлиги, бу борада ҳам айрим тушунмовчиликларни келтириб чиқармоқда.
Жумладан, иқтисодий суднинг ижро ҳужжатига асосан давлат ижрочиси томонидан қўйилган инкассо топшириқномасини ижро этиш мумкин эмас деб топиш ҳақидаги ишларни кўриб чиқиш масаласида ҳам судлар ўртасида ягона ёндашув мавжуд эмас.
Бир томондан инкассо топшириқномаси иқтисодий суднинг ижро ҳужжатига асосан қўйилганлигига урғу берилган ҳолда мазкур тоифадаги ишлар иқтисодий суд томонидан ҳал қилиниши лозимлиги ҳақида тўхтамга келинса. Бошқа томонда давлат ижрочиси томонидан тадбиркорлик субъектининг ҳисоб рақамига инкассо топшириқномасининг қўйилиши – бу маъмурий орган мансабдор шахсининг хатти-ҳаракати эканлигидан келиб чиқиб мазкур тоифадаги ишлар маъмурий суд томонидан ҳал қилиниши тўғрисида қарашлар мавжуд.
Хулоса қилиб айтганда, мазкур қарор суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлиб, давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлашга, халқимизни давлатдан рози қилиш мақсадларига хизмат қилади.
Мақсудбек САИДОВ,
Тошкент шаҳар судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси