French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Суд тизимида хотин-қизлар ўрнини мустаҳкамлаш – устувор вазифа
12:26 / 2026-02-10

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда хотин-қизларнинг жамият ва давлат бошқарувидаги ўрнини мустаҳкамлаш давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан бирига айланди.

Айниқса, суд-ҳуқуқ соҳасида гендер тенгликни таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар изчил ва тизимли тус олмоқда. Бу йўналишда қабул қилинаётган қарор ва фармонлар давлат раҳбарининг мазкур масалага алоҳида эътибор қаратаётганини яққол намоён этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятининг самарадорлиги ва очиқлигини ошириш ҳамда суд мустақиллиги кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида суд тизимида аёл судьялар улушини камида 30 фоизга етказиш вазифаси белгилаб қўйилди. Бу кўрсаткич оддий статистик рақам эмас, балки суд ҳокимиятида гендер мувозанатни таъминлаш, қарор қабул қилиш жараёнларига турли ижтимоий тажриба ва қарашларни жалб этиш орқали адолат сифатини оширишга қаратилган стратегик мақсаддир.

Давлат раҳбари томонидан хотин-қизларнинг касбий салоҳиятини рўёбга чиқариш учун шароит яратиш масаласи доимо устувор вазифа сифатида белгилаб келинмоқда. Суд тизимига нисбатан бундай ёндашув эса ислоҳотларнинг чуқур ижтимоий мазмунга эга эканини кўрсатади. Зеро, суд фақат ҳуқуқни қўлловчи орган эмас, балки жамиятда адолат, ишонч ва қонунийлик муҳитини шакллантирувчи муҳим институтдир. Унда аёллар иштирокининг кенгайиши эса инсон ҳуқуқлари, оилавий муносабатлар, вояга етмаганлар ишлари каби соҳаларда янада сезгир ва мувозанатли ёндашувни таъминлайди.

Фармонда қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларида хотин-қизлар учун квоталар жорий этилиши назарда тутилгани ҳам давлат раҳбарининг узоқни кўзлаган сиёсати самарасидир. Бу қарор тасодифий эмас, у аёлларнинг судьялик лавозимига тайёргарлик босқичидаёқ тенг имкониятларга эга бўлишини таъминлайди. Демак, гендер тенглик фақат натижада эмас, балки жараённинг ўзида ҳам таъминланмоқда.

Шунингдек, аёл судьялар касбий ҳамжамиятини ривожлантириш ташаббусларини қўллаб-қувватлаш масаласи ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бу орқали аёл судьялар ўртасида тажриба алмашиш, касбий қўллаб-қувватлаш муҳитини шакллантириш ва етакчи кадрлар захирасини яратиш имконияти кенгаяди. Бундай институционал қўллаб-қувватлаш гендер тенгликни мустаҳкамлашнинг барқарор механизми ҳисобланади.

Мазкур ёндашувлар давлат раҳбарининг гендер тенгликни таъминлашга доир сиёсатининг изчил давоми эканини кўрсатади. Сўнгги йилларда хотин-қизларни давлат бошқаруви органларида, парламентда, таълим ва илм-фан соҳаларида фаол иштирокини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Суд тизимидаги ушбу янги ташаббуслар эса ана шу умумдавлат сиёсатининг мантиқий давоми бўлиб, ҳуқуқий соҳада ҳам тенг имкониятлар тамойили мустаҳкамланаётганини англатади.

Суд тизимида гендер тенгликни таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар давлат раҳбари томонидан бу масалага стратегик аҳамият берилаётганини тасдиқлайди. Аёл судьялар улушининг ортиши суд ҳокимияти фаолиятига янги сифат, кенгроқ ижтимоий қараш ва мувозанатли ёндашув олиб киради. Бу эса ўз навбатида жамиятда адолат ва ишонч муҳитини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Суҳроб Ёдгоров,

Жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар судининг тергов судьяси.

ЎзА