Бугунги кунда рақамли технологиялар жамият ҳаётининг барча соҳаларига чуқур кириб бораётган бир шароитда суд-ҳуқуқ тизимида сунъий интеллект технологияларини жорий этиш ва суд фаолиятини рақамлаштириш одил судловни таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бу жараён суд ишларини юритишда замонавий ёндашувларни қўллаш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш ҳамда фуқароларнинг судга бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Суд тизимини рақамлаштириш, аввало, электрон ҳужжат айланиши, онлайн суд мажлислари, масофавий тарзда ариза ва шикоятлар қабул қилиш имкониятларини кенгайтириш орқали суд жараёнларининг тезкор ва қулай бўлиши таъминланади. Натижада фуқаролар ва тадбиркорлар ортиқча вақт ва харажатлардан холи бўлиб, ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишда самарали механизмларга эга бўлади. Шу билан бирга, рақамли ечимлар инсон омилининг таъсирини камайтириб, хато ва бюрократик тўсиқларнинг олдини олади.
Сунъий интеллект технологияларининг суд фаолиятига жорий этилиши эса катта ҳажмдаги маълумотларни таҳлил қилиш, суд амалиётини умумлаштириш ва ишларни кўриб чиқиш жараёнини оқилона ташкил этиш имконини беради. Хусусан, суд қарорларини таҳлил қилиш, ўхшаш ишларни аниқлаш, ҳужжатларни автоматик тарзда тизимлаштириш ва ишларни кўриб чиқиш муддатларини прогноз қилиш орқали судялар иш юкламаси сезиларли даражада камаяди. Бу эса судьяларга ҳар бир ишнинг мазмун-моҳиятига чуқур эътибор қаратиш имконини беради.
Рақамли ва сунъий интеллектга асосланган суд платформалари орқали суд жараёнлари ҳақидаги маълумотларни очиқ кузатиш, суд қарорлари билан эркин танишиш ҳамда иш ҳолатини реал вақт режимида билиш имконияти яратилади. Бу эса очиқлик ва шаффофликни кучайтириш билан бирга, коррупциявий ҳолатларнинг олдини олишда ҳам муҳим омилдир.
Умуман олганда, судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини босқичма-босқич жорий этиш ва рақамлаштириш жараёнлари суд-ҳуқуқ тизимини янада самарали, адолатли ва замонавий қилишга қаратилган. Бу ислоҳотлар фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини янада ошириш, ҳуқуқ устуворлигини таъминлаш ва суд тизими сифатини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Еламан Бисенов,
Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий судининг судья катта ёрдамчиси
ЎзА