Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Суд тизимида коррупцияга қарши кураш устувор вазифа
17:06 / 2026-03-03

Муносабат

Мамлакатимизда коррупцияга қарши кураш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Давлатимиз раҳбари фаолиятининг илк кунлариданоқ бу иллатга қарши муросасиз курашиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда давлат органлари фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлашни устувор вазифа сифатида белгилаб берди.

Бу борадаги муҳим ҳуқуқий асослардан бири “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши бўлди. Мазкур ҳужжат коррупция тушунчасига аниқ таъриф бериб, унга қарши тизимли курашнинг мустаҳкам пойдеворини яратди. Қонунга кўра, шахснинг ўз хизмат мавқеидан шахсий ёки бошқалар манфаати йўлида қонунга хилоф равишда моддий ёки номоддий наф олиши коррупция сифатида баҳоланади. Оддий тил билан айтганда, бу пора олиш-бериш, таниш-билишчилик ва лавозимдан шахсий манфаат йўлида фойдаланиш ҳолатларидир.

Сўнгги йилларда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш борасида изчил ва комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Олий суд раиси Б.Исломов раҳбарлигида судлар фаолиятида очиқликни кучайтириш, мурожаатлар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш ва жамоатчилик назоратини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бугунги кунда фуқаролар учун суд тизимида коррупция ҳолатларига дуч келган тақдирда тезкор мурожаат қилиш имкониятлари яратилган. Ишонч телефони, Telegram-бот ва расмий веб-сайт орқали мурожаат юбориш мумкин. Энг муҳими, мурожаат қилган шахс сир сақланиши ҳамда мурожаат белгиланган тартибда кўриб чиқилиши қонун билан кафолатланган.

Суд тизимида ҳалоллик муҳитини мустаҳкамлаш мақсадида Олий суд Президиумининг қарори билан пора таклиф этилгани ҳақида хабар бериш ва уни кўриб чиқиш тартиби ҳам жорий этилди. Бу эса судьялар ва суд ходимлари фаолиятида очиқлик стандартларини янада кучайтиришга хизмат қилмоқда.

2024 йил 27 декабрда қабул қилинган “Судларда коррупцияга қарши курашиш тизимини янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги буйруқ эса соҳада янги босқични бошлаб берди. Ушбу ҳужжат билан коррупцияга қарши сиёсат, манфаатлар тўқнашувини бошқариш, хавф-хатарларни баҳолаш, давлат харидлари шаффофлигини таъминлаш ва мурожаатларни қабул қилиш тартибини қамраб олган қатор муҳим ички ҳужжатлар тасдиқланди.

Шунингдек, судьялар ва суд ходимларининг ҳуқуқий онги ҳамда масъулиятини ошириш мақсадида коррупцияга қарши курашиш бўйича махсус ўқув дастурлари йўлга қўйилган. Амалда турли мавзуларда маъруза ва семинарлар мунтазам ўтказиб келинмоқда.

Суд тизимида коррупцияга қарши курашиш фақат жазо чоралари билан чекланиб қолмаяпти. Бугун бу жараён профилактика, очиқлик, рақамлаштириш ва институционал назорат механизмлари орқали комплекс тарзда йўлга қўйилган. Бу эса, ўз навбатида, одил судловга бўлган ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Жанат Аймаганбетова,

Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди судьяси

ЎзА.